Бош саҳифа > Без рубрики > ҚИШЛОҚДА ТУҒИЛГАН ҒОЯ РИШТОНЛИК УСТА ҚЎЛБОЛА ЭЛЕКТРОМОБИЛЬ ЯСАДИ

ҚИШЛОҚДА ТУҒИЛГАН ҒОЯ РИШТОНЛИК УСТА ҚЎЛБОЛА ЭЛЕКТРОМОБИЛЬ ЯСАДИ

Риштонлик уста қўлбола электромобил ясаётани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқда овоза бўлди. Оддий қишлоқ йигитининг ғояси барча қатори бизни ҳам қизиқтиргани боис у ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

Юқори Бешкапа маҳалласида истиқомат қилувчи 32 ёшли Азамат Исоқов темир-терсакдан электромобил ясади. Қурилма бир қувват олганда 50 километргача масофани босиб ўтади. Тезлиги эса 50-60 км/с.га чиқади. Электромобил профилдан ясалган. Ҳозирда уста кузовларни бутлаш ишларини олиб бормоқда. Азамат ёшлигидан машиналарга қизиқиб келади.

-Қиш фаслида метан ва бензин заправкаларида ёқилғи тақчиллиги кузатилади. Бу йил айниқса заправкаларда навбат кутавериб ҳолдан тойдик. Уйдаги автомашинани ҳам ёқилғи муаммоси сабаб ҳайдай олмаяпмиз. Шу омиллар сабабли қўлбола усулда профилдан машина ясашга қарор қилдим.

Ёшлигимдан техникага қизиқаман. Отам ҳам 45 йил сварка иши билан шуғулланган. Ота касбни олиб мен ҳам қишлоқда электропайвандлаш ишларини қилиб келяпман. Электромобил ясаш учун 7 хил транспорт воситаларининг эҳтиёт қисмларидан фойдаландим. Мотоцикл амортизатори, “Nexia” шаровойи, “Tico” эҳтиёт қисмлари, арава ғилдираги, Жигули амортизатори, “Муравей” мотори. Тормоз қисмини интернетдан кўриб ясадим.

Электромобил 50 фоиз битган ҳолатда. Қурилмани қишлоқ шароитига хос келадиган қилиб юк ташишга мослаштирмоқчиман. Электромобилнинг олд қисмида икки ўриндиқ бўлади, 4 соат давомида қувват олади. Ҳозирча тезлиги 50-60 км/с га чиқяпти. Аккумулятор сонини кўпайтирсам тезлиги яна ортади. Заводда ишлаб чиқарилаётган ҳозирги машиналар харидорларга магнитофонсиз сотиляпти. Мен эса электромобилга магнитофон ўрнатмоқчиман. Юртимиз қуёшли ўлка. Келажакда қурилманинг устки қисмига қуёш панели ўрнатмоқчиман, – деди  Азамат Исоқов.

Устанинг отаси Исажон Исмоилов бензин тақчиллиги, метан заправкалар ёпилган бир пайтда электромобил оила дастёрига айланганини таъкидлади.

-Ўғлимни профилдан машина ясашга уринаётганини кўриб аввалига ишонмадим. Ҳатто профилни исроф қилаётганини айтиб бу йўлдан қайтардим. Ўғлимнинг ғоялари бор экан. Метан беркитилган, бензин тақчил бир пайтда ажойиб қурилма ясади. Электромобил мушкулимизни осон қиляпти. Невараларимни айлантириб, дўконлардан маҳсулот олиб юклаб келяпти.

Сарвар ЗИЁЕВ.