Таълимга оид сўнгги янгиликлардан – Марғилондаги мактабда ўқитувчи рухсатсиз ҳожатхонага чиққан ўқувчининг бошини телефон билан уриб ёргани. Бундан олдинроқ Хоразмда ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларини урган эди. Чинозда эса ўқитувчи ўқувчининг бошини деворга бир неча бор қаттиқ уриб, жароҳат етказган эди. Навоийда ўқитувчи икки ўқувчини калтаклаган эди. Ўқитувчиларни спорт залига йиғиб сочини олдириш ҳам Навоийда содир бўлган эди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бундай хабарларга хуши келса муносабат билдиряпти, хуши келмаса – йўқ. Лекин муаммонинг сабабларини ва ечимларини кимдир ўрганяптими?
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўқитувчилик – стресс юқори бўлган касблардан бири. Стрессни ўрганган олимларнинг фикрича, иш талаби юқори, мустақил қарор қабул қилиш имконияти паст бўлган ишларда стресс хавфи юқори бўлади. Бизнинг ўқитувчиларда айнан шундай – иш ҳажми кўп, ҳамма томондан назорат, бир қадам ўнгга ёки сўлга оғишсанг – тамом. Шунингдек, ишда талаб қилинадиган ҳаракат ишдан келадиган мукофотдан (иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя, ишда ўсиш имкониятлари ва ҳ.з.) юқори бўлган ҳолатларда ҳам стресс хавфи юқори бўлади. Бизда ўқитувчиларнинг аксарияти ўртачадан паст ойликка ишлайди, ижтимоий кафолатлар ҳам йўқ, ишда ўсиш имкониятлари эса деярли 0 га тенг.
Энг ёмони, тадқиқотчилар фикрича, стресснинг «юқумли»лиги. Яъни, стрессдан зўриққан ўқитувчининг ўқувчилари ҳам эмотсионал портлашга мойил бўлади. Бунинг учун эса ўқитувчининг ижтимоий ва эмотсионал компетенсиясига ҳамда унинг хотиржамлигига ҳам алоҳида эътибор бериш керак. Таълим тизими бошқарувчиларида бунинг учун тегишли стратегия бўлиши лозим. Лекин борми?
Бу орада, «Ишга яраша маош бўлмаган жойда маошга яраша иш бўлади», қабилидаги Ўзбекистон Қаҳрамони устоз Озод Шарафиддинов гапларини ҳам ёдга олмасак бўлмас.
•Нигина Икром,
ЎзДЖТУ, Халқаро Журналистика факультети 2-босқич талабаси.