Туман марказидаги Бурҳониддин ар-Марғиноний ал-Рошидоний номли истироҳат боғи юртимизнинг турли гўшаларидан ташриф буюрган халқ амалий санъати айниқса, кулолчилик йўналишига қизиққан меҳмонларни кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 687-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-3182-сонли қарори ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан Риштон туманининг 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”нинг 71-банди, шунингдек Фарғона вилояти ҳокимининг 2018 йил 11 майдаги 229-Ф-сонли ҳамда Риштон туман ҳокимининг 2018 йил 26 мартдаги 39-Ф-сонли фармойишларига кўра жорий йилнинг 21-24 июнь кунлари туманимизда Халқаро кулоллар ва кулолчилик маҳсулотлари фестивали ўтказилмоқда.
Мазкур фестивал ўтказилиши белгиланган Бурҳониддин ар-Марғиноний ал-Рошидоний номли туман маданият ва истироҳат боғида барча ташкилот, корхона ва муассасалар томонидан катта ҳажмда ободонлаштириш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Хозирда бу ерга ташриф буюрган кишилар боғимизнинг қисқа фурсатда ўзгариб, янада тароватли бўлганига гувоҳ бўладилар. Айниқса, кираверишда қайтадан бунёд этилган ажойиб фаввора ва унинг саҳни кишиларга завқ бахш этади. Бир неча кундирки, кулолчилик санъати вакилларига, меҳмонларга хуш кайфият улашиш учун туманимиз маданият ва аҳоли дам олиш масканлари хушовоз санъаткорлари, қизиқчилар ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда. Биринчи бор ўтказилаётган мазкур фестивал нуфузи бениҳоя катта эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Фарғона водийсидаги қадимий Риштонга тахминан эрамиздан аввалги II йилда асос солинган. У азалдан кулоллари ва ажойиб сопол буюмлари, қандак ўрикларию, девзира гурунчлари билан шуҳрат қозонган. Риштонда кулолчилик буюмларини яратиш, пишириш ва ишлов беришнинг бетакрор ўзига хос технологияси ишлаб чиқилган. Риштон кулолчилигининг яна бир афзаллиги шундаки, вақт ўтган сари кўплаб минтақаларда кулолчилик санъати анъаналари унут бўлган эса-да, Риштонда бу соҳа ўз техникаси ва услубига содиқ қолган ҳолда ривожланаверган. Ҳозирда Риштонда минглаб кулоллар меҳнат қиладилар, уларнинг аксарияти кулолчилик санъатининг барча сир- асрорларини эгаллаган усталардир. Риштонлик усталар яратган санъат асарлари дунёдаги турли музейлар коллекцияларига кирган.
Мамлакатимизда миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, халқ усталарининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳунармандлик миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми. Ота-боболаримиздан мерос ушбу фаолият тури мустақиллик йилларида янада ривожланди.
Риштон кулоллари томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Археологлар томонидан олиб борилган қазишмалар, Катта Фарғона канали қурилиши пайтида Риштон шаҳри ва Зоҳидон қишлоғи ҳудудларидан топилган сопол буюмлар ва уй-рўзғор ашёлари, шунингдек, турли манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, Риштон эрамиздан аввалги асрларда ҳам маданият ўчоқларидан бири бўлган.
Мустақиллик йилларида Риштон кулолчилик мактаби янада ривожланди. Уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Шарофиддин Юсупов сингари машҳур кулоллар ишини давом эттираётган ёшлар кўп.
Кулолчилик ҳунарини эгаллаш кишидан қунт, сабр-тоқат ва синчковлик талаб этади. Ота-боболаримизнинг унут бўлиб кетаёзган сопол буюмларни қўлда ясаш анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш, оддий лойдан санъат асари яратиш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар учун келгуси авлодлар миннатдор бўлади.
Риштонда ўтказилаётган халқаро фестивалда Риштон, Самарқанд, Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонлик етук кулол усталар шажараларининг вакиллари қатнашмоқдалар.
Кулолчилик халқ амалий санъатининг кўп асрлик тарихга эга бўлган тури саналади. Унинг диёримизнинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган мактаблари мавжудлиги ва йил сайин сайқал топиб бораётгани эътиборга моликдир.
Жумладан, Риштон кулолчилик мактаби нозик ва мукаммал нақшлари билан дунёда ном қозонган бўлса, Хоразм мактабига хос сопол буюмлар зангори, мовий, фируза ранглардаги тасвирий безаклари билан ғоят гўзал. Самарқанд усталарининг ижод намуналарида ёрқин ранглар, яхлит нақшлар кўзга ташланса, Тошкент кулолчилик мактаби тўқ тусдаги бўртма чизгилари билан ажралиб туради.
Анъанавий Риштон кулолчилиги IX асрдан буён фаолият кўрсатиб келади. Риштон кулолчилик маҳсулотларини қайси бир кўргазмада бўлмасин узоқдан туриб таниш мумкин. Чунки, ўзининг анъанавий рангига эга. Анъанавий ранг деганда албатта ҳар бир маҳсулотга бериладиган, асосан бунда 3-4 хил ранг ҳисобга олинади. Ҳар бир ранг албатта бир-бири билан рақобатда бўлган. Устанинг рақобати билан рангларнинг уйғунлашишига устанинг тайёрлайдиган рангларини, унинг барча тайёрлаш усулларини бир-бирига яқинлаштириб, кўзни чарчатмайдиган ҳолатга олиб келади. Мана шуниси билан Риштон кулолчилиги дунёга машҳурдир.
Туризм иқтисодиёт тармоқлари ривожи, қўшимча иш ўринлари яратиш, шунингдек, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби ўта долзарб масалалар ечимида муҳим роль ўйнайди. Мамлакатимиз бу борада улкан салоҳият ва имкониятларга эга.
Президентимиз ташаббуси билан туризм саноатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мамлакатимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ҳамда файзли гўшалари дунё аҳлини тобора ўзига мафтун этмоқда.
Фарғона вилояти тарихий обидалари, табаррук қадамжолари, замонавий иншоотлари билан сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Хусусан, вилоят маркази, қадимий Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва Риштон тумани узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан доимо гавжум. Жумладан, туманда янги сайёҳлик йўналишларини очиш, меҳмонларни тарихий обидалар, миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати намуналари билан таништириш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тўрт кун давомида риштонликлар ва туманимиз меҳмонларига ажойиб туйғуларни бахш этган Халқаро кулоллар ва кулолчилик маҳсулотлари фестивали анъанага айланиб қолишига ҳамда ҳар йили Риштонда ўтказилишига умид қилиб қоламиз.
СЎЗ – ФЕСТИВАЛЬ
ИШТИРОКЧИЛАРИГА
Иқбол ТЎЛАГАНОВ – риштонлик кулол.
Дадам – Зокиржон акадан кулолчилик сир-асрорларини ўрганганман. Бугунги фестивалда 100 турдан ортиқ кулолчилик маҳсулотлари билан қатнашяпман. Маҳсулотларимда бошқалар ишлатмаган миллий адрас, атлас рангларидан фойдаланиб, ноанъанавий гултуваклар, сувенирлар, сервислар, чойнак-пиёла, турли ҳажмдаги гулдонлар ишлаб чиқараман. Бу касбимни Аброр Тўлаганов, Ғойибназар Зокиров каби шогирдларимга ҳам ўргатиб келаман.
Гулчеҳра АБДИЕВА- Андижон вилояти, Балиқчи тумани.
14 йилдан буён гипсдан турли совғабоп маҳсулотлар тайёрлайман. Авваламбор гипсни қолипга солиб, кейин унга ишлов бериб, ганч билан ўйиб, бир буюм яратаман, яъни ганчкор устаман. Бу ишимни давом эттираётган шогирдим Омадбек Сотволдиев ҳам ўзи янги-янги асарлар устида ишлаб, эл ҳурматига сазовор бўляпти.
Феруза АТАДЖАНОВА – Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл тумани “Ҳунарманд” уюшмаси бўлими бошлиғи.
Биринчи бор Фарғонага келишимиз. Водий бизга жуда ёқди. Айниқса, довондан ошиб келаётганимизда тоғ манзараларини кўриб ҳайратландик. Келажакда кулолларимиз ўз асарларида ана шу гўзалликларни ёритадилар, деган умиддаман.
Баҳодир АМИНОВ – тўрткўллик кулол.
Бизнинг туманда ҳам уста кулоллар жуда кўп. Шоҳназар акам билан биргаликда оилавий кулолчилик касбини улуғлаб келмоқдамиз. Оддий усулда коса-товоқ ишлаб чиқарамиз. Элёрбек Каримов деган шогирдим ҳам бу соҳага жуда қизиқади. У 2005 йилдан буён кулолчилик сирларини ўрганиб, ҳозирги кунда биз билан ишламоқда.
Хайрулла ЖЎРАЕВ – Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри.
997 йилдан буён отам Назрулло Жўраев билан биргаликда кўза, хум, сувенир буюмлар ясаймиз. Ясаган буюмларимизни Ал ҳаким ат-Термизий мақбарасидаги дўконларда сотамиз. Маҳсулотларимиз жуда харидоргир. Шу касбимизнинг орқасидан ҳаётимиз ҳам фаровонлигидан мамнунмиз.
Ҳабиба НИШОНОВА-Тошлоқ тумани.
Ҳунармандларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Фарзандларим билан биргаликда бир йилдан буён шу соҳага қизиқиб, атлас, адраслардан аёллар сумкалари, ироқи дўппилар тикмоқдамиз. Бугунги фестиваль жуда кўтаринки руҳда ўтаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Муҳаммадсодиқ СУЛТОНОВ – Марғилон шаҳри.
7 йилдан буён адрас ишлаб чиқармоқдаман. Келгусида гўзал хотин-қизларимизга чирой, миллий руҳ бағишлаб турадиган атлас-адрасларимизнинг сифатини тобора яхшилаб, барчага маъқул матоларни ишлаб чиқариш ниятидамиз.
Шаҳбоз АБДУВАҲОБОВ – риштонлик мўйқалам устаси.
Туманимизда нафақат кулолчиликка, балки тасвирий санъатга қизиқадиган ёшларимиз жуда кўп. Икки йилдан буён тасвирий санъат йўналишида иш олиб бормоқдаман. Болалигимда Сайдулло акамнинг расм чизаётганини кўриб, ҳавас қилардим. Мана шу ҳавас мени ушбу соҳани яхшироқ ўрганишимга туртки бўлди. Бугунги кунда Дилноза Камолдинова, Муяссар Мухторхўжаева каби шогирдларимга ҳам ушбу санъат турининг сир-асрорларини ўргатиб келмоқдаман. Келгусида тасвирий санъат бўйича олийгоҳда ўқиб, ўз билимимни ошириш ниятидаман.
Фестивалда Буюк Британия, Италия, Франция, Туркия, Германия, Япония каби давлатларидан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Андижон, Наманган каби вилоятларидан уста кулоллар, ҳунармандлар, туристлар қатнашдилар.
Sarlotte Povard – франциялик сайёҳ, тиббиёт ҳамшираси.
Рости ушбу фестивални шу даражада бўлишини кутмаган эдим. Бу ердаги кулолчилик маҳсулотларидан тайёрланган маҳсулотлар мени қойил қолдирди. Сабаби – булар оддий тупроқдан ясалганига, рости ишонгиинг келмайди. Фестивалдан катта таассуротлар билан қайтяпман. Қолаверса, ўзбекларнинг меҳмондўстлигига қойил қолдим. Юртингиз жуда гўзал ва мафтункор экан. Яна келишни ният қилдим.
* * *
Фестивалда туман ҳокими Тавакалжон Раҳимов, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси бўлим бошлиғи Лолахон Мухатова, вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов, барча туман ва шаҳар “Ҳунарманд” уюшмалари раҳбарлари, тадбиркорлар, туман корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамроҳлигида фестивалга ташриф буюрган меҳмонлар билан суҳбатлашдилар ва улар томонидан ташкил қилинган кўргазмалар билан танишдилар.
Маҳаммадали ҲОЖИМАТОВ,
Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,
Жамила ҚУРБОНОВА,
“Риштон ҳақиқати”
махсус мухбирлари.