Бош саҳифа > Жамият > ЗИЁРАТЧИ ҲОЖИЛАР

ЗИЁРАТЧИ ҲОЖИЛАР

Ўзбекистон замини – Аллоҳ берган бир улуғ неъмат, бу тирик жонларга туҳфа қилинган беқиёс садоқатдир. Илоҳий қудрат ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди. Риштонлик бир гуруҳ ҳожи оталар юртимизнинг азиз ва муқаддас жойларини зиёрат қилишга аҳд қилдилар. Улар дастлабки сафарларини қўшни Наманган вилоятидан   бошладилар.

– Ўзбек халқи ҳаётида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ўзгариш ва янгиликлар юз бермоқда – деди сафарбоши, моҳир тадбиркор Жакбарали ҳожи Солиев, – Инсон дунёни қанчалик яхши билса, ўзини ҳам шунчалик яхши билади. Биз шунга амал қилиб, ўн уч нафар ҳожи оталар она замин бағрини гуллатиб-яшнатаётган меҳнаткаш ва саҳоватли, бағри кенг халқимиз қудратини ўз кўзимиз билан кўриб, бу ҳақда туманимиз ёшларига сўзлаб бериш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ишонарли суҳбатлар ўтказишни ният қилдик.

Ҳожилар дастлаб Поп тумани марказидаги ободончилик, яратувчилик ишларини кўрдилар. Марказий бозорни айланиб, истироҳат боғида мароқли дам олдилар. “Бургут тоғи”да жойлашган сайргоҳ ва оромгоҳлар барчани хайратга солди. Айниқса, “Парда Турсун” даволаниш ва дам олиш сиҳатгоҳида соғликларини тиклаётган ҳамюртларимиз яратилаётган бундай ғамхўрлик ва шароитлар учун Юртбошимиз ва ҳукуматимизга шукрона келтирдилар.

Ҳожи ота маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Зайнул ота зиёратгоҳига республикамизнинг ҳамма жойидан меҳмонлар, дам олувчилар келишади.

– Бу азиз даргоҳ ҳамма мусулмон халқи учун улуғ сайргоҳ саналади, – деди зиёратгоҳ масжиди бош имом-хатиби Муроджон қори Бойқобилов, – Имом Заннул ота Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг чевара қизи Фотима онамизнинг невараси ҳисобланади. Ҳожилар марҳум қабрини зиёрат қилдилар, дуолар қилдилар.

Ҳожилар туманнинг тоғ олди ёнбағрида жойлашган Курнес қишлоғида яшаб ўтган машҳур дўмбирачи            Мадраҳим бахшиникида меҳмон бўлдилар. У кишининг ўғли Алишер ота  Мадраҳимов меҳмонларга қишлоғи, отаси ҳақида сўзлаб берди. Номдор бахши Мадраҳим ота Болтабой ўғли 1980 йили Қозоғистонда ўтказилган Ўрта Осиё бахшилари айтишувида биринчи ўринни эгаллаган. Бу юрт бош раҳбари Д.Қунаев унга олтин дўмбира топшириб, кўксига Эргаш Жуманбулбул ўғли орденини тақиб қўйган.

Ҳожилар бу ерда тоғ манзараларидан баҳра олдилар, маҳаллий халқ билан қизғин суҳбат қурдилар. Фарғонада бўлаётган ўзгаришлар, Риштон халқи, таниқли кулоллар, имом ал-Марғиноний ар-Риштоний ҳақида сўзлаб бердилар.

– Икки кунлик сафаримиз эсда қоларли бўлди -деди собиқ мухандис Аббос ҳожи Шарипов – Бундай сафарларни яна давом эттирамиз. Галдаги юришимиз Андижон вилояти ҳамда пойтахт Тошкент сари бўлади.

Ҳамиджон ҳожи ИСОҚОВ,

матбуот ва меҳнат фахрийси.