Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3721-сон Қарори мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштиришга қаратилган “Ёш китобхон” танлови 3 ёш тоифасида ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан ҚДПИ қошидаги Риштон академик лицейида жорий йилнинг12 июль куни 20-30 ёшли ёшлар ўртасида, 13 июль куни 15-19 ёшлилар, 14 июль куни 10-14 ёшли ўқувчилар ўртасида “Ёш китобхон” кўрик-танловининг туман саралаш босқичи ўтказилди.
-Ушбу танловни ўтказишдан асосий мақсад ёшларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада ошириш, маънавий оламларини бойитишдир, – деди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаш раиси Адҳамжон Усмонов. – Танловда жами 1567 нафар ёшлар иштирок этган бўлса, уларнинг 17 нафари танловнинг вилоят босқичига йўлланма олдилар. Ўқиган китобларининг мазмунини яхши ўзлаштириб, ундаги қаҳрамонларнинг ижобий ва салбий хислатлари ҳақида ўз фикрларини равон ва дадил баён қилаётган ёшларимизнинг мақтовга лойиқлиги уларнинг жавобларидан кўриниб турибди. Ўйлаймизки, мана шундай тадбирлар қолган ўқувчи ёшларни ҳам китоб билан дўстлашишга чорлайди.
Жамилахон ҚУРБОНОВА.