Халқ тилида “Хизр бува”, “Барака мозор” деб ном олган зиёратгоҳ маскан жойлашган Бўстон қишлоғида олиб борилаётган ўзгаришлардан бугунги кунда барча хабардор. Мазкур зиёратгоҳга юртимизнинг турли гўшаларидан ҳар куни юзлаб одамлар ташриф буюришади. Шу сабабдан ҳам бу қишлоқ ҳудуди эндиликда каттагина савдо масканига айланган. Шу боис республикамизнинг, айниқса, Андижон, Наманган вилоятлари, қолаверса, Қўқон депарасидаги кўплаб аҳоли ҳар йили бир неча бор мазкур зиёратгоҳга келишади. Шу ердаги хонадонларда дам олишади, мақсад ва ниятларини рўёбга чиқишлари учун хайр-эҳсон қилишади, туманимизда ишлаб чиқарилаётган турли ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилиб, олиб кетишади.
Бироқ, очиғини айтиш керакки, кейинги йилларда бу ерга ташриф буюраётган зиёратчилар оқими тобора кўпайиб бораётганлигини эътиборга олсак, улар учун шароитлар етарли даражада эмаслиги, пастқам, кўримсиз уйлар, санитария қоидаларига умуман мос келмайдиган шароитларда турли хил таомлар тайёрланаётганлиги, савдо расталарининг аксарияти замон талабларига мутлақо тўғри келмай қолганлиги сир эмас. Бу эса тижорат билан шуғулланаётганлар учун ҳам, аҳоли хонадонлари учун ҳам, қолаверса, меҳмонлар учун ҳам бир талай муаммо ва қийинчиликларни юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини амалга ошириш борасида туманимизда бир қатор ишлар олиб борилмоқдаки, буларнинг барчаси эртанги кунимиз учун нақадар фойдали ишлар эканлиги кундай равшан бўлиб бормоқда.
Туманимизнинг Бўс-тон ҳамда Хуррамобод қишлоқлари ҳам юқоридаги дастур лойиҳасига киритилган бўлиб, бу қишлоқларда бир неча ойдан буён улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани кўнгилларга илиқлик, хурсандчилик олиб келмоқда. Кундан кун хонадонлар қиёфаси ўзгариб, кўча ва гузарлар, маҳаллалар обод бўлиб боряпти. Аҳоли турмуш шароитлари яхшиланиб бораётганлигидан эса барча хурсанд. Айниқса, қишлоқларга тоза ичимлик сувлари учун қувурлар ётқизилаётгани, пайдо бўлганидан буён умуман шағал ҳам кўрмаган кўчалар бугун кенгайиб, асфальт ётқизилиб, равонлашиб бораётганлигидан аҳоли хурсанд бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Шунингдек, мазкур қиш-лоқлар аҳолиси саломатлигини чуқурлаштирилган тиббий назоратдан ўтказиш, томорқа участкалардан самарали фойдаланиш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” шиори остида аҳолига тадбиркорлик борасида мунтазам фойдали маслаҳатлар, йўл-йўриқлар бериб борилаётгани ва оқибатда халқимиз бундан катта наф кўраётгани ҳам рост.
Бу борада тижорат банклари ходимлари томонидан хонадонма-хонадон юрилиб, тадбиркорлик билан шуғулланишни истовчилар учун имтиёзли шартларда кредитлар берилиши йўлга қўйилаётгани ҳам кўпчиликни қувонтирмоқда.
Бўстонликлар азалдан меҳнаткаш, меҳмондўст халқ хисобланади. Бу ердан юртимиз равнақига катта ҳисса қўшган кўплаб таниқли инсонлар етишиб чиққан. Бугунги авлод вакиллари орасидан ҳам ана шундай шижоатлилар етишиб чиқаётгани қувонарли. Ёшлар ҳақида гап кетар экан, юртимиз эртанги куни эгалари учун яратилаётган шароитларга ҳам тўхталмасак бўлмас.
Бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатмай келаётган болалар боғчалари бинолари таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди.
Кейинги пайтларда юртимизда ёш авлодга эътибор юқори поғонага кўтарилди. Эндиликда мавжуд болалар боғчалари замонавий усулларда таъмирлашдан чиқарилиб, яна ўз бағрини болажонлар билан тўлдирмоқда.
Фарзандларимизнинг мириқиб ўйнашлари, дам олишлари ва дастлабки билим кўникмаларини эгаллашлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Юқорида айтганларимиз “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар самарасидир.
Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинига ғайрат ва шижоатли инсон, халқ дарди ва ташвиши билан доимо елиб юрувчи Адҳамжон Собиров раислик қилади. Туман Кенгаши депутати сифатида ҳам унинг олиб бораётган ишларини мақтаса арзигулик.
– Юртимизда бўлаётган ҳар бир оламшумул ўзгаришларни, ислоҳотларни аҳолимиз хурсандчилик билан кутиб оляпти, – дейди суҳбат давомида Адҳамжон ака. – Қаранг, юртимиз бугун улкан қурилиш майдонига айланмоқда. Биргина Бўстон қишлоқ фуқаролар йиғинида қанча ўзгаришлар қилинмоқда. Қишлоғимиз катта магистрал йўлнинг ҳар икки қисмида жойлашган. Бу йўлдан эса кимлар ўтмайди, дейсиз. Пастқам уй-жойлар, турли усуллар билан ноқонуний қуриб олинган савдо расталари ўтган-кетган меҳмонларда ҳам салбий кайфият уйғотар эди. Қолаверса, катта магистрал йўлда транспорт васиталари учун ҳам турли қийинчиликларни юзага келтираётганди. Мана энди ҳаммаси бошқача бўлади. Катта йўл ёқасидаги барча уйлар бузилиб, қайтадан замонавий усулда, икки, ҳатто уч қаватли қилиб қурилади. Уйларнинг дастлабки қавати албатта савдо мажмуасига мослаб бунёд қилинади. Ана шунда савдо ходимлари ҳам, харидорлар ҳам эмин-эркин савдо қилиш имкониятларига эга бўлишади.
– Бу ерда ҳар куни ҳашар, – дейди қурилиш штаби котиби Ёрқинжон Носиров. – Турли корхона ва ташкилотлардан, қўшни туманлардан, маҳаллалардан кунига тўқсон нафарга яқин ҳашарчи чиқмоқда. Айниқса, Бағдод, Олтиариқ, Риштон туманлари ободонлаштириш корхонаси ишчилари астойдиллик кўрсатишмоқда. Улар ёрдами билан йўл бўйларида жойлашган уй-жой биноларининг шифер қисимлари олиниб, уйларнинг деворлари бузилмоқда. Шунингдек, ҳозирда ҳудуддаги 3,2 километр узунликда ички йўлларни асфальтлаш ишлари тезкорлик ва сифатли қилиб амалга ошириляпти. Бугунгача мавжуд йўлларнинг 1,3 километрига асфальт ётқизилди. Айни кунларда Ўқитувчилар кўчасига ҳам шағал тўшалиб, асфальтланмоқда.
Биз бу ерда бўлган кунимиз Бўстон МФЙ ҳудудидаги маҳаллалар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам гувоҳ бўлдик. Қишлоқда лойиҳага кўра 2,5 километр узунликда тоза ичимлик суви тортиш ва аҳолини сувга бўлган талабини қондириш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 2,1 километр узунликда қазиш ишлари олиб борилиб, полиэтилин қувурлар тортилди. Бу қувурларда яқин кунларда тоза ичимлик суви оқади.
Бир сўз билан айтганда, “Обод қиш-лоқ” дастури тўғрисида”ги Фармоннинг ижросини амалга ошириш борасида Бўстонда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бўстон эндиликда номига мос қишлоқ бўлади. Юртимизда мазкур дастурнинг қабул қилиниши ва ҳаётга изчил тадбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги халқимиз қадриятларини изчил давом эттирган ҳолда, барча ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажариш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитларни яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этишга хизмат қилади.
Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ.
Маҳаммадали ҲОЖИМАТОВ,
“Rishton haqiqati” махсус мухбирлари.