Хотира ва Қадрлаш куни мамлакатимизда кенг кўламда, ташкилий жиҳатдан уюшқоқлик билан нишонланганлиги ҳеч кимга сир эмас.
“Риштон ҳақиқати” газетаси таҳририятида узоқ йиллар самарали ижод қилган кўплаб устоз журналистлар бугун орамизда йўқ. Уларнинг ҳар бир сўзи, панду насиҳатлари, битган мақолалари бизлар учун ҳамиша ибрат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Хотира ва Қадрлаш байрами арафасида газета тахламларини кўздан кечирар эканмиз, уларнинг ҳар бир сонида устозларнинг машаққатли меҳнатлари мужассамлигини яна бир карра ҳис этдик.
Ўтган асрнинг сўнгги чорагида газета таҳририятида ишлаган устоз журналистлар билан бир сафда меҳнат қилганимиз, улар тажрибасини ўрганганлигимиз бугун қўл келмоқда. Бунинг учун азиз устозларимиздан миннатдормиз. Ана шу устозлардан Ҳомиджон Арақулов, Равшанбек Иброҳимов, Абдурайим Султонов, Каримжон Акбаров, Муҳаммадвали Усмоновлар, афсуски, бугун орамизда йўқ. Бироқ, уларни доимо қалбан ҳис этиб турамиз.
Бугунги кунда кексалик гаштини сураётган Абдуллажон Исмоилов, Маҳмуджон Жўраев, Ғуломжон Фатҳиддиновлар билан доимий равишда учрашувлар, суҳбатлар ташкил этиб келмоқдамиз. Уларнинг маслаҳатлари бизларга қувват бахш этиб келмоқда. Байрам баҳона фахрийларимиз хонадонларида ҳам бўлиб, улар билан яна бир бор дилдан суҳбат қурдик. Ташрифимиздан уларнинг бениҳоя мамнунликларини, улар ҳам бизларни доимо соғинишларини ҳис этдик. Қўллар дуога очилганида бугунги дориломон кунлар учун, юртимиз осмони мусаффолиги учун, шу кунларга етказганлиги учун шукроналар қилинди.
Маҳаммадали ҲОЖИМАТОВ,
журналист.