Сингапурда дипломи бор аёллар турмушга чиқсалар, давлатдан катта тўйона, агар фарзанд кўрсалар бошқа ўқимаган аёлларга нисбатан кўпроқ суюнчи пулларини оладилар. Ақлли ва илмли аёл, илмсиз, дунёқараши паст аёллардан кўра дунёга, ҳаётга ҳақиқий кўз билан баҳо бера оларкан. Бундай аёллар замонавий тенденсиялар ва ҳаққонийлик билан ўз ҳаётлари ва оилаларининг келажагини қура оладилар. Улар ўз турмуш ўртоқларига, фарзандларига тўғри йўналишларни бера олиш қурбига эга бўладилар. Керак пайтда танқид қилиб, зарур пайтда мақтов билан оилани муваффақияга элтадилар.
Илмли, ақлли аёллар қорин ғамидан, уйдаги мебел, идиш-товоқ, латта-путта каби майда нарсалардан юқори турадилар. Улар мўлжални юқори олиб оилани юксакликка олиб чиқиш режаларини қиладилар.
Ҳар қандай буюк эркак ортида буюк аёл туради. Отадан қон, жисм ўтса-да, ақл, тафаккур кўпроқ онадан ўтади.
Ақл-фаросатли аёллар эрлари ҳатто аблаҳ бўлиб чиқишидан қатъий назар ўз ҳаёт йўлларини топиб кета оладилар. Нима учун интелектуаллар ўзларига интелектуал аёлларни танлашади? Чунки бундай кучлиларга фақат кучли аёлларгина илҳом бера олади.
А бизда-чи? “Аёл бахти” номли тренинглар-у, ёшлигидан бўйсиниш, уйда ўтириш, тикиш-бичиш, ҳаётини қурбон қилишлар ўргатилади. Тенденсиялар қанча ўзгармасин, дунё қанча тараққиётга интилмасин, биздаги қарашлар ХV асрдаги аҳволда. “Ўша ерда тошдек қот”, “Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида” , “Кейин сени ҳеч ким олмайди, эрсиз қоласан”..
Дунё аёлнинг бўғирсоқ пиширишни билиши ёки билмаслигига эмас, балки унинг тафаккури ва профессионализмига ҳайратланади.
Эски стереотиплардан воз кечинг. Ёнинг, ёндиринг!
•Нигина Икром,
ЎзДЖТУ, Халқаро Журналистика факультети 2-босқич талабаси.