Олтиариқ туманининг Ғайрат қишлоғида яшовчи, узоқ йиллар халқ таълими тизимида ишлаб, бугунги кунда қарилик гаштини сураётган Асқарали ака ҳамда Инобатхон аяларнинг фарзанди Алимардон ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қилиб, мактабда аъло баҳоларга ўқиди, жисмоний жиҳатдан чиниқди.
Ниятига етишиш мақсадида Фарғона давлат университетининг “Миллий истиқлол ғояси, ҳуқуқ ва маънавият асослари” факультетини тамомлаб, олий маълумотли бўлгач, катта ҳаяжон билан ИИБга хужжатларини топширди. Ва ниҳоят 2006 йилнинг ноябр ойида барча текширув, суҳбат ва жисмоний тайёргарликлардан муваффақиятли ўтган Алимардоннинг орзуси ушалди. У Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси милиционери лавозимига хизматга қабул қилинди. Хизмат давомида бўлинма бошлиқлари ва бошқарма томонидан берилган ҳар қандай топшириқларни аъло даражада бажарди.
Алимардондаги хизматга бўлган қизиқиш ва қобилият, содиқликни инобатга олган раҳбарият уни 2014 йил ноябр ойидан Фарғона шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўлими профилактика инспектори лавозимига ўтказишди. 2017 йил ноябр ойидан буён эса катта лейтенант Алимардон Асқаралиев Риштон туман ИИБ Профилактика инспекторларининг фаолиятини услубий таъминлаш ва мувофиқлаштириш ҳамда жамоат уюшмалари билан ҳамкорликни ташкил этиш гуруҳи катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Алимардоннинг ички ишлар органида хизмат қилиш қийин, масъулиятли, шу билан бирга шарафли эканлигини тушуниб етишида биринчи устози, вилоят Қўриқлаш бошқармаси бўлинма командири Умиджон Сатторовнинг хизмати катта. Ёш орган ходимининг бугунги кунга етиб келишида устозининг хизмати катта ва ундан бир умр миннатдор.
Шу билан бирга профилактика бўйича Фарғона тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Хурсанали Қодиров, Риштон туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Саидумархон Авлиёхонов ҳамда бошқа тажрибали ходимлардан хизматни ўрганиб, тажрибасини мунтазам ошириб келмоқда.
Бугунги кунда Алимардон Асқаралиев бўлимда профилактика инспекторларининг ишини умумлаштириб, вилоят ИИБга ўз вақтида юбориб, жамоатчилик билан ҳамкорликни ташкиллаб келмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб туман ИИБ шахсий таркибини анъанавий касб байрамлари билан қутлаймиз. Халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги барча саъйи ҳаракатларида куч-қувват, омадлар тилаймиз.
Зокир ҲОШИМОВ.