Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахтачилик-тўқимачилигини ишлаб чиқаришда замонавий усулларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №53-сонли қарори асосида Республикамизнинг 13 та ҳудудида пахта етиштириш ҳамда соҳа билан бевосита шуғулланадиган “Кластер” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил қилинганидан хабарингиз бор. Шу жумладан Риштон туманида ҳам бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Ruso,zbekteks” хорижий қўшма корхонаси қошидаги “Кластер” МЧЖ (раҳбари Магомед Костаев) йил бошида тумандаги барча пахтачилик билан шуғулланувчи фермерлар билан шартнома тузди ва ҳосил теримигача улар билан бақамти иш олиб борди. Бунинг натижасида йиллик пахта тайёрлаш режаси Республикада биринчи бўлиб бажарилди.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев раислигида 2018 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш бўйича навбатдаги селектр йиғилишида республикада давлатга пахта топшириш режасини 100 фоизга бажарган илк туманлар номи эълон қилинди. Маълум бўлишича, 21 октябр ҳолатига келиб, республика бўйича 3 та туман режани бажарган. Биринчи бўлиб режани бажарган Риштон тумани алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Бош вазири бу туманларнинг секторлар раҳбарлари, яъни туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари 20 миллион сўмдан пул мукофотлари билан рағбатлантирилганини маълум қилди.
Шу билан бирга йиғилишда пахтачиликда янги усулда иш ташкил қилиб, режани муддатидан аввал уддалаган Риштон туманидаги “Кластер” МЧЖ раҳбари Магомед Костаев ҳам алоҳида тилга олинди ва у 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирлангани эълон қилинди.
Куни кеча Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Мадаминович Ғаниев Риштон туман ҳокимлигида Магомед Костаевга қилган фидокорона меҳнати учун Республика ҳукумати томонидан ажратилган мазкур пул мукофотини тантанали суратда топшириб, миллий анъанамизга кўра зар чопон ва дўппи кийдириб, белига қийиқ боғлади, совға-салом топширди.
Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ.