Бугун 2024 йил 6 апрель куни тасдиқланган режа-графикка асосан Риштон туманида навбатдаги пресс-тур ўтказилди. Мазкур тадбирда Фарғона вилоятида фаолият юритаётган ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этишди.
Пресс тур қатнашчилари Навбаҳор МФЙ ҳудудида жойлашган тадбиркор Қодиржон Қосимов томонидан барпо этилган писта плантацияси билан танишишди.
“Навбаҳор” МФЙ ҳудудида сувсиз, тошлоқ ҳудудда жойлашган мазкур плантацияда бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. 157 гектар майдонда 141 мингдан ортиқ писта кўчатлари ҳамда 54 мингга яқин ўрик, гилос, шафтоли, нок кўчатлари экилиб, парвариш қилинмоқда. Тадбиркор томонидан писта ва бошқа турдаги кўчатларни инвитро усулида етиштириш лабораторияси қурилиш ишлари бошланган.
Маълумки, бизда мавжуд технологиялар асосида экилган писта 11-12 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахтдан 200-300 грамм ҳосил олиш мумкин. Янги плантацияларни такомиллашган технология асосида барпо этиш кўзда тутилган. Яъни, кўчатхонада ўстирилган ниҳолга иккинчи йил навдор писталардан олинган куртак пайванд қилинади. Учинчи йилдан уни очиқ майдонда экиш мумкин. Ушбу технологияда экилган писта 7-8 йилда ҳосилга киради. Ҳосилдорлик эса бир тупда 40-50 килограмгача етиши мумкин.
Қодиржон Қосимов писта кўчати етиштириш билан ҳам шуғулланиб келади. Бугунги кунда пистачилик илмий маркази, лаборатория, иссиқхона, кўчат етиштиришни ўзида жамлаган “Агромактаб” ҳам ташкил этишга киришган.
Ҳозирда Риштоннинг кўплаб тадбиркорлари камҳосилли, унумсиз боғларни бузиб, ўрнига пистазор ташкил этишни бошладилар. Қодиржон Қосимов уларни ҳам кўчат билан таъминлаб, пистачиликнинг сир-асрорларини ўргатмоқда.
Аброр Деҳқонов,
Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети
Халқаро журналистика факультети 4-курс талабаси.