Бош саҳифа > Туман янгиликлари > ТЕРГОВ БЎЛИМИ ФОШ ЭТАДИ ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОҚИБАТИ ҚИММАТГА ТУШДИ

ТЕРГОВ БЎЛИМИ ФОШ ЭТАДИ ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОҚИБАТИ ҚИММАТГА ТУШДИ

Ўйрат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ёшлик кўчаси, 2-уйда яшаб келган Мафтунахон 2010 йилда ҳамқишлоғи Аваз Абдуғаниевга турмушга чиқади. Турмуш ўртоғи, капитан унвонидаги Авазбек Миллий гвардияда хизмат қилгани боис улар Тошкентда истиқомат қилардилар.

Мафтуна мутахассислиги бўйича бирор бир давлат ташкилотида ишламай, икки нафар фарзанднинг тарбияси билан шуғулланарди. Фарзандлари бир оз улғайгач, Мафтунахон ҳам уйда бекор ўтирмасдан, “Оиламга ёрдам бўлсин”,- деб тилла тақинчоқлар савдоси билан шуғулланмоқчи бўлди. Бу ҳақда турмуш ўртоғига айтганида у қаршилик кўрсатмайди. Опаси Маъмурахон  танишларидан сотиладиган тиллаларни олиб, Тошкентга юбориб туради. Мафтуна эса опаси жўнатган тиллаларни сотиб, пулларини нақд ҳолатда унга жўнатади. Мафтуна опасининг Оқер қишлоғида яшовчи Феруза Қўзибоева исмли қиздан тилла тақинчоқлар олиб жўнатаётганлигидан хабардор эди.

Шу йилнинг 22 март куни Мафтуна акаси Элмурод Абдуғаниев билан бирга дадаси Ҳошимжон акага тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинада Феруза опанинг уйига – Риштон тумани, Фаровонлик МФЙ, Ўзбекистон кўчаси, 17-уйга келади ва ундан бир-икки хил тилла тақинчоқлар олади. Феруза опа Мафтунадаги олдинги сотилмай турган тилла тақинчоқларни ҳам ҳисоблаб, ундан жами 38.321000 сўм қарз бўлиб қолганлигини айтади. Мафтуна ҳам ҳисоблаб кўриб, буни тасдиқлайди. Чунки ўша пайтда унинг қўлида бир неча хил тиллалар сотилмай турган эди. Мафтуна Феруза опадан ташқари Бешкапа қишлоғида яшовчи Раъно исмли аёлдан ҳам тилла олган эди. Шундан сўнг Мафтуна тиллаларни олиб, Тошкент шаҳрига кетади.

Мафтуналарнинг оиласи ўша кунларда уй сотиб олишлари керак эди. Шу боисдан дадаси Ҳошимжон ака қизига 4000 АҚШ доллар миқдорида пул юборади. Мафтуна уни ҳам ҳамёнига – сотиладиган тиллаларининг ёнига солиб қўяди. У ҳафта давомида бир неча маротаба бозорга чиқади, болаларини боғчага олиб боради. Танишлари тилла сўраб, харид қилиб қолишларини ўйлаб, сумкасини ҳам ҳамиша ўзи билан бирга олиб юради.

Тахминан март ойи охирларида Мафтуна Юнусобод туманидаги бозорга бориб, у-бу нарса харид қилиб, кечки пайт болаларини боғчадан олади. Уйдаги ишларини тугатиб, кеч соат 22.00 лар чамасида сумкасини очиб қарайди. Шу пайтда тилла тақинчоқлар солинган ҳамёни жойида йўқлигини кўриб, юраги орқасига тортиб кетади. У бу ҳақида бировга айтишга қўрқади. Агар турмуш ўртоғига айтса уни уришини, дадасига айтса соғлигини йўқотиши мумкинлигини ўйлаб, топилиб қолар деб умид қилади. ИИБ ходимларига ҳам ариза билан мурожаат қилмайди. Ич-этини еб, сиқилиб юрганидан мазаси қочиб, иштаҳаси ҳам йўқолиб, уйда нима иш қилаётганини ҳам англолмай қолади.

Ўйлаб-ўйлаб, вазиятдан чиқиб кетиш учун ўзига тегишли, оилавий мулки бўлган тиллаларини бозорга олиб чиқиб, ўзига нотаниш бўлган аёлга ҳар бир граммини 195.000 сўмдан сотиб юборади ва ушбу пулларни қарзлари учун тўлайди. Бу пуллардан Раъно опага 8,0 миллион сўмини,  тошкентлик Туркия давлатидан товар олиб келиб сотувчи Зилола исмли аёлга 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беради.

Халқимизда “Мол аччиғи-жон аччиғи”, деган гап бежиз айтилмаган. Мафтуна Феруза опадан олган тиллаларини ва уй учун тўплаган пулларини йўқотиб қўйганидан сўнг овқат ҳам емай қўяди. Турмуш ўртоғи унинг бу ҳолатини кўриб хотинини қистовга олади ва нима бўлаётганлигини тинимсиз сўрайверади. Мафтуна охири мажбур бўлиб, унга бор ҳақиқатни айтади. Шунда турмуш ўртоғининг жаҳли чиқиб уришиб, хотини ва икки нафар фарзандини уйдан ҳайдаб юборади.

Мафтуна икки боласини олиб, Риштонга келгач ҳам ота-онасига бу ҳақда айтмайди. Турмуш ўртоғи дадаси Ҳошимжон акага қўнғироқ қилиб: “Қизингиз анчагина қарз бўлиб кетди, биз уришиб қолдик” деб айтганидан сўнг ота-онаси нотинчликдан хабар топадилар. Шундан сўнг Мафтуна дадасига бор ҳақиқатни айтишга мажбур бўлади. Бу орада Феруза опа унга берган тилларининг пулини олиш учун келади. Мафтуна бўлган воқеани айтиб, пул бера олмаганлиги учун уйидаги янги, очилмаган коробкаларда жойланган хрусталл идиш-товоқларини  4 миллион сўмга баҳолатиб, олган тиллалари устидан бериб юборади. Бундан ташқари Феруза опага аввал 8 миллион сўм, кейинроқ 7 миллион нақд пул беради. Натижада Феруза опадан қарзи 9 миллион сўм қолади. Мафтуна қолган қарзларини ҳам узиш учун  бор имкониятини ишга солишга интилади.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида М. Абдуғаниева томонидан Ф. Қўзибоевага етказилган зарарнинг 26 миллион сўми ундирилди.

Шундай қилиб, Абдуғаниева Мафтуна Ҳошимжоновна ўзининг юқоридаги жиноий хатти-ҳаракатлари билан Ф. Р. Қўзибоевани алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан 38.321000 сўм миқдоридаги пулларини талон-тарож қилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Албатта, бировнинг тилларини сотиб, бойлик орттиришни орзу қилган Мафтуна  бошига бундай ташвиш орттиришни ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Афсуски, ҳамиша ҳам инсоннинг режалаштирган ишлари амалга ошавермайди. Ўзининг эҳтиётсизлиги, қўлидан келмайдиган ишга уриниши ширин оиласини нотинч қилганидан, барча яқинларини асабийлаштирганидан Мафтуна ҳам минг бора пушаймон бўлгани турган гап.

Гулноза ЗИЁПОВА,

Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ катта суриштирувчиси, майор.

 Жамилахон ҚУРБОНОВА.