Бош саҳифа > Туман янгиликлари > РИШТОН ВА ИСМАИЛЛИ:  БИРОДАРЛАШГАН ТУМАНЛАР

РИШТОН ВА ИСМАИЛЛИ:  БИРОДАРЛАШГАН ТУМАНЛАР

Яқинда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев бошлиқ делегация Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Элчи ва делегация аъзоларини Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қабул қилди.

Қабул чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари ўртасидаги савдо, иқтисодий, маданий-маърифий, қишлоқ хўжалиги бўйича алоқалар ҳамда халқларимиз ўртасидаги дўстликни бугунги кун талаби даражасига кўтариш, халқаро туризмни ривожлантириш баробарида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва бошқа масалалар юзасидан фикрлар алмашилди.

Ўз ўрнида элчи жаноблари қабул учун вилоят ҳокимлигига миннатдорчилик билдириб, инвестиция, инновация, транспорт-коммуникация, илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик келгусида яхши самаралар беришини таъкидлаб ўтди.

– Элчи сифатида фаолият юритаётганимга қарийб беш йил бўлди. – деди Гусейн Гулиев. – Шу вақт ичида Фарғонага биринчи бор келишим ва бу ерга ташрифимдан хурсандман. Риштон билан қардошлик алоқалари Исмаилли учун еттинчи туман. Бугунги кунда Исмаилли тумани Европанинг ривожланган  мамлакатлари ва дунёнинг кўплаб давлатлари, шунингдек Белоруссия, Латвия ва Чехия Республикалари, Япония, Франция, Исроил билан савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик юзасидан дўстлик-қардошлик алоқаларини ўрнатган.

Шу куни Риштон туман ҳокимлигида фаоллар иштирокида Озарбайжон Республикасининг Исмаилли тумани администрацияси раисининг биринчи ўринбосари Ровшан Агаев ҳамда туман ҳокими в.в.б. Содиқжон Ҳайдаровлар томонидан расмий меморандум имзоланиб, келгусида амалга ошириладиган барча муносабатлар расмийлаштирилди.

Мазкур меморандум дини бир, маданияти, урф-одатлари бир-бирига яқин икки қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг янада ривожланишига катта ҳисса қўшади. Шу билан бирга Фарғона вилоятидаги ўзининг бетакрор ҳунармандчилиги билан дунёга машҳур Риштон ҳамда Озарбайжоннинг Исмаилли туманлари ўзаро биродарлашган ҳудудларга айланиши ҳамкорликдаги мақсадларнинг рўёбга чиқишига катта ҳисса бўлиб қўшилади, албатта.

Делегация туманга ташрифи чоғида уста ҳунарманд, кулол Алишер Назиров, якка тартибдаги тадбиркор, кулол Равшан Тожиддиновларнинг устахоналарида бўлишиб, кўргазмаларни кўздан кечиришди.

Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиевнинг Фарғона вилояти, хусусан Риштон туманига ташрифи чоғида унга Исмаилли тумани таълими бўлими директори Расим Оруджев, маданият бошқармаси бош-лиғи Эльнур Гусейнов, “Новости Исмаиллы” газетаси бош муҳаррири Шахмамед Султанов, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Самир Аббасов, Озарбайжон Республикаси элчихонаси ҳузуридаги Г.Алиев номли маданият маркази Матбуот ишлари бўйича мутахассис, тарихчи ва публицист Шуҳрат Саламов (Барнос), шунингдек Риштон туман ҳокимининг ўринбосари Абдусалом Сиддиқов ва бошқалар ҳамроҳлик қилишди.

“Rishton haqiqati” мухбири.