Бош саҳифа > Туман янгиликлари > ФЕРМЕРЛАР ҚУЁШИ КУЛГАН КУН

ФЕРМЕРЛАР ҚУЁШИ КУЛГАН КУН

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ХОДИМЛАРИ КУНИ ТУМАНИМИЗДА 6 НАФАР ФЕРМЕР ЕНГИЛ АВТОМАШИНА ВА ЎНЛАБ ФЕРМЕРЛАР ҚИММАТБАҲО СОВҒАЛАР БИЛАН МУКОФОТЛАНДИ

Якунланаётган 2018 йилда туманимизда қишлоқ хўжалигининг барча  соҳаларида кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, 85 тонна пилла, 21487 тонна ғалла етиштирилди. Ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,2 млрд сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 302,2 млн сўмга ортганидан далолат бериб турибди.

Чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган 32 та фермер хўжалигида 1557 бош ўтган йилгидан 210 бошга кўп қорамол боқиляпти. Етти хазинанинг бири бўлган паррандачилик ҳам йилдан-йилга ривож топиб бормоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган 3 та фермер хўжалигида 12000 тадан ортиқ парранда парвариш қилинмоқда ва аҳолининг тухум ва пархез гўштига бўлган эҳтиёжини қондириш имкониятлари яратилмоқда.

Сабзавотчилик йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Хусусан, хисоб-китобларга кўра бу йил туманимизда 142 тонна картошка, 320 тонна полиз ва 188 тонна сабзавот маҳсулотлари етиштирилди.

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи ҳисобланган пахтачиликда қўлга киритилган ютуқлар, айниқса қувонарлидир. Бу йил тумандаги мавжуд 338 та фермер хўжалигининг 6245 гектар ерига шартнома асосида чигит экилиб, ҳар гектар ердан 25,5 центнердан, жами 16207 тонна пахта етиштирилди ёки шартномавий режа 105 фойизга бажарилди. Шуни алоҳида ғурур билан айтиш мумкинки, туман пахта тайёрлаш шартномавий режани РЕСПУБЛИКАДА БИРИНЧИ БЎЛИБ БАЖАРДИ.

Ушбу ютуқнинг замирида, албатта қишлоқ хўжалигида ҳам инновацияни қўллаш, янги ва замонавий технологияларни соҳага кенг жалб қилиш, энг асосийси деҳқончилик маданиятини оширишга эътибор кучайтирилганини ҳаёт амалда кўрсатди. Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалигида, хусусан пахтачиликда янги кластер усулини қўллаш бўйича қабул қилган қарорига асосан бу йил туманимиздаги “Ruso”zbekteks” хорижий корхонаси қошида “Кластер” МЧЖ ташкил қилинди ва тумандаги пахтачиликка ихтисослашган барча фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари тузилди. Шунга кўра йил давомида пахта етиштириш билан боғлиқ барча ишлар “Кластер”нинг қатъий назоратида бўлди. Фермернинг ишни ташкил қилиш – ғўза парвариши, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, ойлик маош масаласи ва якунида ҳосилни йиғиштириб олиш жараёнларида муаммо бўлмади. Бундай ҳолат ёки яратилган шароитлар яқин йиллар ичида бўлмаганини кўпни кўрган деҳқонлар бот-бот тилга олишмоқда. “Кластер” мутахассисларидан тортиб то фермер ва унинг аъзолари ҳар бир топширилган ишга масъулият билан ёндашди, омилкорлик ва тадбиркорлик билан иш юритилди. Ҳар бир ишда назорат кучайтирилди. Аввалги йиллардагидек қўл учида иш қилишга йўл қўйилмади. Якуний натижа эса қувонарли бўлди.

Туманда қўлга киритилган бу улкан ютуққа “Рошидон даврони”, “Мамажон”, “Агроном Алиев”, “Илёс ота Рўзибоев”, “Ҳасанбой Ҳамдам ери”, “Жавоҳир Жамшидбек”, “Ёшлик нурафшон даласи”, “Тиллақўзи ота”, “Йўлчибой Холиқов”, “Отахонбой боғи” каби кўплаб фермер   хўжаликлари аъзолари катта ҳисса қўшдилар. Мазкур хўжаликларда пахта ҳар йилгидан мўл бўлиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 40-45 центнерданга етди.

Қишлоқ хўжалик ходимлари ва фермерлар куни байрами муносабати билан туман ҳокимлиги биносига кираверишда тантанали анжуман ўтказилди.

Унда туман ҳокими в.в.б. Содиқжон Ҳайдаров барча қишлоқ хўжалик ходимларини, фермерларни, “Кластер” жамоасини, теримда фаоллик кўрсатган жамоат ташкилотлари вакилларини самимий  қутлаб, уларга кўрсатган фидойиликлари ва қилган хизматлари учун миннатдорчилик билдирди.

– Республикамизнинг 15 та ҳудудида   “Кластер”лар ташкил қилинганидан хабарингиз бор, – деди тантанада сўз олган Ўзбекистон тўқимачилик саноати уюшмаси бошқарма   бошлиғи Шуҳрат Музаффаров, – Келгуси йилда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Мадаминович Ғаниевнинг шахсан ташаббуси билан Ёзёвон, Тошлоқ, Фарғона, Ўзбекистон ва Қўштепа туманларида ҳам “Кластер” ташкил қилинадиган бўлди.

Тантанада иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги, хусусан пахтачиликда “Кластер”ларни ташкил қилиш бўйича Президентимиз томонидан келажакни ўйлаб қабул қилинган қарор амалда ўз исботини топганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳаяжонли дамлар етиб келди. Анжуманда “Рошидон даврони” ва “Мамажон” фермер хўжаликлари раҳбарларига “Кобальт”, “Агроном Алиев” ва “Илёс ота Рўзибоев” фермер хўжаликлари раҳбарларига “Спарк”, “Ҳасанбой Ҳамдам ери” ва “Жавоҳир Жамшидбек” фермер хўжаликлари раҳбарларига эса “Матиз” автомашиналарининг калитлари тантанали суратда топширилди. Шунингдек, кўплаб фермерлар қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди. Бундан ташқари “Кластер” МЧЖнинг 9 нафар агрономига 5-6 миллион сўмдан пул мукофотлари ва 7 нафар ходимга, секторлар раҳбарларига турли совғалар берилди.

Катта агроном Саминжон Юлдашев учун шу кунги тантана қўшалоқ байрамга уланиб кетди. Сабаби у куни кеча Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

-Кластер – инглизча бирикма, деган маънони англатади, – деди “Ruso”zbekteks” хорижий корхонаси директори Магомед Костоев, – Муҳтарам Президентимизнинг қарори билан кластер ташкил қилиб, адашмабмиз. Бунинг учун энг аввало агрономлар, химизатор ва бошқа қишлоқ хўжалиги мутахассисларини танлаб, иш бошладик. Натижасини эса кўриб турибсиз. Ҳаммаси учун халқ ҳам, биз ҳам миннатдормиз. Аслини олганда деҳқонни, фермерни Президентдан тортиб вилоят ва туман ҳокимларигача қўллаб-қувватлаб турди, унга жавобан виждонан ишладик. Шу боисдан келгуси йили янада унумли ва баракали меҳнат қилиб, ҳосилдорликни оширишнинг барча чораларини кўрамиз.

– Якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар пахтачилик тарихида бўлмаган, – дейди “Кобальт” автомашинаси совриндори Достонбек Матмусаев. – “Рошидон Даврон” фермер хўжалигимизда 31 нафар аъзо бор. Улар билан баҳамжиҳатликда қилган меҳнатимиз самараси юқори бўлди. Мавжуд 30 гектар ерда ғўза парваришлаган эдик. “Кластер” усули афзаллигини барча аъзоларимиз ҳис этишиб, кузда давлат омборларига ҳар гектар экин майдонидан 44 центнердан пахта ҳосили етиштирдик ва туманда биринчилар қатори шартнома режамизни бажардик. Натижада ““Ruso”zbekteks”” хорижий корхонаси томонидан таъсис этилган юксак мукофотга – “Кобальт” русумли автомашина билан тақдирландик. Келгусида ҳам ана шундай меҳнат қилиб, юртимиз ривожига ҳиссамизни қўшиб келаверамиз.

Енгил автомашиналар билан тақдирланган яна бир фермер хўжалиги раҳбари ўз фикр-мулоҳазаларини шундай билдириб ўтди.

– “Агроном Алиев” фермер хўжалигимиз аъзолари билан бу йил 26 гектар ерда ғўза парваришлаган эдик бу йил илғор усуллар асосида иш ташкил этилгани сабабли ҳам шартнома режасини илғорлар қатори ўринлатган эдик. Йиллик шартнома режамизни 132 фоизга адо этдик. Натижада бугунги қувончли байрамда “Спарк” русумли автомашинага эга бўлдик.

– Бу йил туманимиз фермерлари, пахтакорлари учун қувончли келди, – суҳбатга қўшилди хўжалик иш юритувчиси Жамшид Алиев. – нафақат пахтачилик, балки, бошоқли дон ҳосили етиштириш борасида ҳам улкан муваффақиятга эришдик. 36 гектар майдондаги ғалладан 80 центнердан ҳосил олдик. Ишчиларимиз ҳам, ўзимиз ҳам яхшигина даромад топдик. “Кластер” усулининг энг катта афзаллиги бу – таъминотнинг ўз вақтида амалга оширилгани ва деҳқонларга эркинлик берилгани бўлди.

“Деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи”, деган эди Президентимиз Ш. М. Мирзиёев. Дарҳақиқат шундай. Деҳқонларимиз қанчалик бой-бадавлат бўлса халқимиз турмуш фаровонлиги ҳам юксалиб бораверади. Яна бир суҳбатдошимиз бўлган фермер Мирзаахмедов Холжўранинг ҳам қувончи бир жаҳон. Мазкур фермерга “Матиз”  автомашинасининг калити топширилди.

– Аввалги йилларда транспортларимиз учун эҳтиёт қисмлар етишмаслиги, уларни топиш машаққати жон-жонимиздан ўтиб кетар эди. Мазкур йилда эса “Кластер” усулида ишлаб таъминот масаласида умуман қийналмадик. Барча зарур нарсалар учун фақат буюртма берсак бўлди. Ўша пайтда етказиб беришди. Шундай бўлгач, ҳар қандай агротехник тадбирни ўз вақтида амалга ошириш имконини берди. 31 гектар пахта майдонидан 103 тонна ўрнига 132 тонна пахта ҳосили йиғиштириб олдик. Ҳар гектар майдондан олинган ҳосилдорлик 42,7 центнерданга етди.

Туманимиз фермерларининг, қишлоқ хўжалик ходимларининг ҳосил байрамига бағишланган байрам тантанаси шаҳримиз марказидаги “Қандак” тўйхонасида бир пиёли чой устида давом этди. Чиройли, дид билан безатилган дўкис дастурхон атрофида ҳосил байрамига ташриф буюрган фермерлар мириқиб хордиқ чиқаришди. Хушовоз хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов, хушовоз хонандалар Абдужалил Қўқонов, Жўрабек Қодиров Икром Абдуллаев, сўз устаси Абдураҳмон Сиддиқов байрам иштирокчиларига хуш кайфият улашди.

Туманимизда бўлиб ўтган қишлоқ хўжалик ходимлари куни байрами ана шундай эсда қоларли тарзда бўлиб ўтди. Хуллас, шу куни фермерлар қуёши кулган кун бўлди.

 

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,

Маҳаммадали ҲОЖИМАТОВ,

“Rishton haqiqati”

махсус мухбирлари.