Баҳор нафаси уфуриб турган бир пайтда, Риштон тумани «Ёйилма» маҳалла фуқаролар йиғинида маънавий-маърифий байрам тантаналари кўтаринки руҳда нишонланди.
Ушбу байрам эл-юртни бирлаштирувчи, меҳр-оқибат ва бирдамликни тараннум этувчи ҳақиқий тантанага айланди.
Байрам тадбирлари давомида маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирокида миллий ўйинлар, спорт мусобақалари ўтказилди. Ёшларнинг шижоати, оқсоқолларнинг дуолари, иштирокчиларнинг шодлиги ушбу мусобақаларга янада файз бағишлади. Бу каби мусобақалар жисмоний чиниқиш билан бир қаторда ёшларни бир мақсад сари бирлаштириб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида китоблар ярмаркаси, миллий либослар кўргазмаси, ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳаллий маҳсулотлар намойиш этилди. Ушбу кўргазмалар ёшларнинг миллий қадрият ва урф-одатларга бўлган қизиқишини ошириш, ижодкор ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Байрам аввалида туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов сўз олиб, бугун мамлакатимиз бўйлаб миллатлараро муносабатлар ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани ҳақида гапирди. Бугунги кунда халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари, самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб келаётганини таъкидлади.
Шунингдек, маҳалла ёшлари томонидан миллийликни тараннум этувчи саҳна кўринишлари намойиш этилиб, томошабинларга унутилмас таассуротлар улашилди. Ҳар бир чиқишда аждодлар меросига ҳурмат, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғоялари акс этди.
Бу каби байрам тадбирлари маҳалла аҳолиси ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш ва миллий қадриятларни кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Abdurauf Abduxoliqov,
Ozbekiston davlat jahon tillari unversiteti,
Xalqaro jurnalistika fakulteti 2-kurs talabasi.