Бош саҳифа > Жамият > ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАН ОНАХОНЛАР

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАН ОНАХОНЛАР

Олимларнинг тадқиқотларидан маълум бўлишича, ақлли, қатъиятли, тартибли, меҳнатдан қочмайдиган инсонларнинг узоқ умр кўриш имкони юқори бўлар экан. Боиси, бу фазилатларга эга инсонларда тушкунлик, хафақонлик каби салбий таъсирлар деярли кузатилмайди.
Бизнинг туманимизда ҳам юқоридаги ижобий фазилатларга эга 100 ёшдан ошган онахонларнинг истиқомат қилаётганлари бу тадқиқотларнинг нечоғли ҳақиқатлигини кўрсатиб турибди.
Юқори Авазбой маҳалла фуқаролар йиғинида 114 баҳорни қарши олган Руқия момо Низомовани билмаган инсоннинг ўзи йўқ, десак муболаға қилмаган бўламиз. Анча кексайиб қолган онахон билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмагани боис, ўғли Йигитали Турсунов билан ҳамсуҳбат бўлдик. Унинг айтишича, Руқия момо ёшлигидан жуда меҳнаткаш, ҳаракатчан аёл бўлган. Коллективлаштириш даврида эркаклар билан бир сафда далаларда ер чопиб, меҳнат қилганликларини онахон набираларига эртак қилиб айтиб юрганларини таъкидлади.
Бугунги кунда Йигитали ака ҳам нафақада. У 32-умумтаълим мактабида химия-биология ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 5 ўғил, 3 қизнинг отаси, 30 нафар набираларнинг бобоси.
Онахонни оқ ювиб, оқ тараб парвариш қилаётган набираси Мусажон, набира келин Кимсаной ҳамда уларнинг 4 нафар фарзандлари табаррук момоларининг атрофида парвона.
Худди шу маҳалла фуқаролар йиғинида аср тенгдоши Ўлмасой Лакимова ҳам истиқомат қилади. 1 ўғил, 3 қиз, 17 нафар набира, 45 нафар эвара, 2 нафар чевараларнинг севимли, табаррук момоси Ўлмасой онани кўриб ҳавасингиз келади. Кўзлари хиралашиб, оёқлари юрмай қолган бўлса-да, тиллари бурро, фикрлари теран, доно онахон ҳаммани дуо қилиб ўтиришдан чарчамайдилар. Фарзандлари Баҳринса, Шаҳринса, Инобатхон, ўғли Орифжон акалар оналарининг дуоларидан куч олиб яшамоқдалар.
Онахон билан суҳбатимиз жуда мароқли кечди. Онахон 11 ёшидан онасининг ўрнига далада ишлаб, 150 килограммдан пахта терганларини ҳикоя қилиб бердилар. Ёшлигида жуда серҳаракат бўлгани, ҳатто 12 ёшида дарахтдан йиқилгани ҳам унинг хотирасида сақлангани бизни ҳайратга солди. Маълум бўлишича, онахоннинг авлодида узоқ умр кўрган инсонлар жуда кўп, жумладан, отаси 90, онаси 84, аммаси 100 ёшга кирган эканлар.
-Олтин олма-дуо ол, деган сўзда ҳикмат кўп,-деди онахон узоқ яшаш сирини сўраганимизда.-Қайнотам Абдулҳаким ота, қайнонам Шодмоной отинби ҳамиша мени “100 га киргин” деб дуо қилишарди. Дуолари ижобат бўлди, шекилли, ҳанузгача ҳаётман. Ўтган умримдан мамнунман. Турмуш ўртоғим Ҳожи Камол билан фарзандларни вояга етказиб уйли-жойли қилдик. У киши 72 ёшда вафот этдилар. Ҳаракатда гап кўп. Қани энди ҳозир ҳам куч-қувватим бўлса-ю, фарзандларимга фойдам тегса, дейман. Афсуски, йиллар ўз ҳукмини ўтказар экан.
Ҳазилкаш, қувноқ онахон суҳбат давомида бизнинг кайфиятимизни ҳам кўтариб юбордилар. Юзларидан нур ёғилиб, хонадоннинг, маҳалланинг фариштаси бўлиб ўтирган онахон билан хайрлашаётганимизда у киши юртимизда ҳамиша тинчлик, хотиржамлик ҳукм суришини, дастурхонлар тўкин бўлишини Яратгандан сўраб, дуога қўл очдилар. Биз ҳам онахонга сиҳат-саломатлик тилаб, юртимизда узоқ умр кўрувчилар сони янада кўпайишини тилаб қоламиз. Ахир қарилари кўп юртнинг дуогўй парилари ҳам кўп бўлади-да.

Алижон МАҲМУДОВ,
“Нуроний” жамғармаси туман

  бўлими ижрочи директори.