Дийдор… Биргина шу сўзнинг замирида қанчадан-қанча маъно ва мазмун яширин. Бу – соғинч, изтироб, бу – йиллар давомида кимнидир меҳр-муҳаббат, сабрсизлик ва интизорлик билан кутиш, юзлардаги ажинлар, кўзлардаги севинч ёшларининг интиҳоси. Эллик йил – ярим аср. Тарих учун жуда қисқа муддат. Лекин бир инсон умри учун катта муддат саналган бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.
Ҳаётларининг энг тотли, беғубор, қувончли кунлари ва йиллари ўтган қадрдон мактабларида ўтказиладиган синфдошлар учрашувини эшитган кундан бошлаб вақт ўтишини сабрсизлик билан кутган, тақдиротга тан бериб, кексаликка озгина бўйин эгиб, асога таяниб муқаддас гўшага ошиққан отахонлар-у онахонлар бугун бу ерда бамисоли ёшариб, куч-ғайратга тўлгандай.
Вақтни оқар сувга қиёслашади. Буни қарангки, бундан ярим аср муқаддам мактаб остонасига ҳаяжонланиб, ҳам қўрқа-писа қадам қўйган, қалби ойдин орзулар билан лиммо-лим тўлган болакайнинг ўқувчилик даври бу ерга жам бўлганлар учун ширин хотира бўлиб қолган.
Дарвоқе, яқинда тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактабини битирганларига 50 йил тўлиши муносабати билан “Уч авлод учрашуви” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Шу муносабат билан ўша йили мактабни тамомлаган 3 та синфнинг собиқ ўқувчилари мактабга ташриф буюришди. Тадбирда туман ҳокими Тавакалжон Раҳимов, ўша йиллари мактабда она тили ва адабиёти ҳамда математика фанларидан сабоқ берган Мухторали ҳожи Миразизов ва Урайимжон ота Бобоев, туман халқ таълими бўлими мудири Инобатхон Мирзараҳимова, меҳнат фахрийси Турсунхўжа ҳожи Абдураҳмонов ва бошқалар собиқ синфдошларни ушбу қувончли кунлари билан табриклашди.
Тадбирда собиқ синфдошлар ўзгача меҳр билан бир-бирларини бағриларига босдилар, дийдорлашиб, ўша қувноқ ва лекин олағовур мактаб даврига, ўқувчилик йилларига бир зум ҳаёлий саёҳат қилдилар. Ёшликларининг энг завқли ва тотли лаҳзаларини ўтказган мактаб синфхоналарига яна бир бор ўзгача ҳаяжон билан қадам босдилар. Уларнинг қўлларига дастлаб қалам тутқазиб, илм ўргатган марҳум устозларни, бирга ўқиган, лекин тақдирнинг инояти билан бугунги кунда оламдан ўтган собиқ синфдошларни ёдга олдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, мазкур учрашувнинг айрим иштирокчиларини суҳбатга тортдик:
Мухторали ҳожи Миразизов – собиқ ўқувчиларнинг устози.
– Бугунги учрашув тадбирини бошида турган Мирзоаҳмад Исматов ва Шарофиддин Ҳамрожонов, марҳум Ғуломжон Манноновлар мактаб давридаям аълочи, кўплаб тадбирларнинг ташкилотчиси бўлар эдилар. Ҳалиям уларнинг шашти сўнмабди, умрлари узоқ бўлсин.
Саломатхон Ҳамроева – Мактабни “Кумуш” медалга битириб, 45 йил туман аҳолига маиший хизмат кўрсатиш уйида ишладим. Биз ўқиган пайтларда мактабда оддий қора парта бўларди. Оналаримиз елкага осадиган узун оқ халтача тикиб берарди. Уни ёнидаги кичкинагина чўнтакчада сиёҳдондан сиёҳ сачраб, оқ кўйлагимизга тўкилган дамларда онамиздан дакки эшитардик.
Ҳозирги ёшларга жуда ҳавас қиламан. Буни қаранг – 1-синф ўқувчисига Президент совғаси сифатида ичида барча ўқув қуроллари бўлган сумка бериляпти. Ёшларга, келажакка бўлган бундай эътибор қайси мамлакат, қайси юртда бор?
Йўлдошали ҳожи Дадабоев – мактабни битириб, кўпчилигимиз турли олий ўқув юртларида ўқишни давом эттирдик, ҳаётда ўз ўрнимизни топдик. Орамизда ўқитувчи, шифокор, муҳандис, қўйингки барча касб эгалари бор. Синфимиздан кўп яхши инсонлар етишиб чиққан ва улар билан ҳамиша фахрланамиз.
Мирзоаҳмад Исматов – бизнинг “Simax Ғ+Z” корхонасида 200 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган сифатли кулолчилик маҳсулотлари билан дунёга танилдик. Америкада ҳам, Лондонда ҳам олтин совринларни қўлга киритиб келдик.
Сўнгги марта дунёдаги ривожланган 178 та давлат вакиллари иштирок этган Халқаро Саммитда йирик дипломатик корпуслар вакиллари, компаниялар, корпорациялар раҳбарлари, олимлар қатнашди. Анжуманда Россиядек катта давлатга чуқур метро қургани учун, Америкага эса битта катта самолёт яратгани учун, Японияга дунёни электроника маҳсулотлари билан таъминлаётгани учун, Ҳиндистонга тиббиётни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун, Куала Лумпур шаҳрида энг баланд – 848 метрли эгизак бино қургани учун ва бизнинг “Simax Ғ+Z” корхонасига оддий тупроқдан ҳақиқий санъат асарлари яратганимиз учун олтин соврин берилди. Анжуманга Ўзбекистон байроғини олиб кириб, мени саҳнага чорлаганларида қувончимни ичимга сиғдира олмадим, кўзимдан ёш чиқиб кетди.
Ўшанда Саммит ташкил топганига 26 йил бўлган экан. Таъкидландики, Ўрта Осиё мамлакатлари ичида шунча йиллардан буён биринчи марта Ўзбекистонга ушбу соврин берилибди.
Шундан сўнг учрашув иштирокчилари “Хўжа илғор” масжиди ҳудудидаги ХХI аср меъморий обидаси сифатида Давлат муҳофазасига олинган мулла Исматуллоҳ қори, Исмоил ҳожи мингбоши Муҳаммад Амин ўғли ҳамда Шокир ота мингбоши Қаландар ўғли мақбараларини зиёрат қилдилар. Қуръон тиловат қилиниб, Хўжа илғор қабристонида олиб борилган ободонлаштириш ишлари билан танишдилар.
“Абдулҳай” чойхонасида ташкил қилинган бир пиёла чой баҳона собиқ синфдошлар суҳбати кечга қадар давом этди.
Ҳа, ярим асрдан сўнг бўлиб ўтган бу учрашув унинг иштрокчилари қалбида унутилмас таассурот қолдирди. Синфдошларнинг бир-бирларига бўлган меҳрлари янада ортди. Бундай дийдорлашувни тез-тез уюштиришга келишиб олдилар.
Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,
“Rishton haqiqati” махсус мухбири.