Бош саҳифа > Жамият > ЯПОНИЯНИНГ ТОМИОКА ШАҲРИ МЕРИЯСИ – ТУМАНИМИЗДА

ЯПОНИЯНИНГ ТОМИОКА ШАҲРИ МЕРИЯСИ – ТУМАНИМИЗДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 январдаги 10-сонли баённомаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида муносабатларни янада ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар режаси (Йўл харитаси)”нинг 74-бандига кўра Япониянинг Гунма префектураси Томиока шаҳри мэрияси вакиллари – Х.Шимояма ва Г.Фуджималар раҳбарлигидаги делегация туманимизга ташриф буюрди.
Шу муносабат билан туман ҳокими Тавакалжон Раҳимов, туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Абдусалом Сиддиқовлар меҳмонларни расмий қабул қилдилар.
Учрашувда Томиока ва Риштон туманлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикрлар алмашилди.
Суҳбат давомида риштонлик ёшларни Японияда қонуний меҳнат миграциялари асосида ишлаш масалалари муҳокама қилинди.
– Ҳозирги кунда Япония мамлакати аҳолисининг қариши баланд бўлгани ҳисобига у ерда қонуний меҳнат миграциясига, яъни меҳнат кучига бўлган эҳтиёж катталиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. – деди туман ҳокимининг ўринбосари А.Сиддиқов. – Учрашув давомида туман ҳокимлиги Томиока мерияси билан 2018 йилдан Японияга туманимиз ёшларини ишлаш ва ўқишга жўнатишга келишиб олинди. Ўйлаймизки, бу йил биз илк бор қонуний меҳнат мигрантларимизни Японияга жўнатамиз. Келгусида уларнинг сонини талабга қараб ошириб бориш кўзда тутилмоқда.
Қонуний меҳнат миграцияси бу – тўппадан-тўғри инвестиция. Японияга борадиган туманимиз ёшлари учун меҳнат шартномалари кафолатланиб, саломатлик ҳуқуқлари таъминланади. Қолаверса улар томонидан оиласига юбориладиган пуллар инвестиция ҳисобланади.
Япон тилини билиш асосий масала. Шу мақсадда ёшлар Ғанишер Назиров раҳбарлигида ташкил қилинган “Риштон-Япония” маданий маркази қошидаги махсус мактабда уч ой япон тили ўқитилади ва имтиҳонларни Япониядан келган мутахассисларга топширадилар. Имтиҳон пайтида адолат тамойилларига тўла амал қилинади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган ёшлар тўппадан-тўғри Японияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
Маълумот ўрнида: туман ҳокимининг қарори билан “Риштон-Япония” маданий марказига “Риштон-Томиока” тажриба боғи яратиш учун Фарғона-Қўқон автомобил йўлининг Қалайнав қишлоғи ҳудудидан 3,5 гектар ер ажратилди. Келгусида бу ерда иссиқхона ташкил қилиниб, япон боғи яратилади. Барча дарахт кўчатлари айнан Япониядан келтирилади.
Боққа кирган ҳар қандай одам ўзини гўё кунчиқар мамлакатда юргандек тасаввурга эга бўлади. Шу билан бирга боғда дам олиш майдончалари ҳам яратилади.

Матн ва сурат муаллифи
Зокир ҲОШИМОВ.