Бош саҳифа > Спорт > БИЗ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРАФДОРИМИЗ

БИЗ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРАФДОРИМИЗ

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида мактабимиз ўқувчилари ўртасида март ойида ўтказилган жисмоний тарбия фан ойлигида “Биз ёшлар терроризмга қаршимиз”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз”, “Биз-буюк юрт фарзандларимиз” номи остида спорт мусобақалари ўтказилди. Мактабимизда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида волейбол, стол тенниси, бадиий гимнастика, шахмат-шашка тўгараклари фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда ўқувчи ёшлар ўртасида спорт мусобақалари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Туманимизда ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида мактабимиз ўқувчилари ҳам муваффақиятли иштирок этишди. Спортнинг “эркин” ва “юнон рум” кураш турида 32 кг вазнда 9-“а” синф ўқувчиси Азизжон Аслонов ғолиб бўлди ҳамда вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ўқувчиларга ўрнак бўлган ҳолда, ўқитувчиларимиз ҳам ҳафтанинг сешанба кунларида “Спорт-соғлиқ гарови” шиори остида волейбол мусобақаларини ўтказиб келишмоқда.
Ҳозирги кунда ҳудудимизга яқин бўлган маҳаллалар аҳолиси ўзларининг бўш вақтларини унумли ўтказиш учун мактабимиздаги спорт зал ва майдончалардан фойдаланиб келишмоқда.

Суҳробжон ҚАЮМОВ,
1-умумтаълим мактабининг
жисмоний тарбия фани
ўқитувчиси.