Ёшлигидан спортга, хусусун, футбол ўйнашга қизиқмаган бола бўлмаса керак. Негаки бу жозибадор спорт ўйини миллионлаб мухлисларга қувонч, шодлик, завқ бағишлайди.
Очиқ айтиш керак. Кейинги ўн беш йил давомида Риштонда спортнинг ана шу турига эътибор сусайиб кетди. Бироз эмас, анчагина. Хўш, нима учун? Туман ёшлари футболга қизиқмай қўйишдими ёки бунга шароит йўқми? Ҳар бир қишлоқдаги, билим даргоҳларидаги футбол ўйингоҳларида келажакда Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов сингари машҳур футболчиларимиз сингари спортчи бўлиш орзусида тўп кетидан югуриб юрган фарзандларимиздан сўрайлик сабабини.
Ўтган асрнинг саксонинчи-тўқсонинчи йилларидаги “Риштончи”, “Кооператор” футбол жамоалари қани бугун? Ўзбекистоннинг иккинчи, биринчи лигаларида ўйнай оладиган аввалгидек жамоаларни шакллантириш учун нималар қилишимиз лозим? Ёки бугунги ёшларимиз орасида лаёқатли футболчилар йўқми? Туман марказидаги хайҳотдек ўйингоҳ, авваллари ҳар бир ўйинда мухлислар билан гавжум бўладиган стадион бугун нега тинч, сокин? Ўйингоҳ ўзининг асл фаолият йўналишини унутиб, фақат байрам тантаналарини ўтказиш учунгина хизмат кўрсатмаяптими ҳозир? Тумандаги соҳага мутассадди бўлган масъуллар нима билан банд? Спорт жамғармаси туман бўлими, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолияти қай аҳволда? Саволлар кўп. Жавоблар эса…
Республикамизнинг етакчи жамоаларидан “Бунёдкор” футбол клуби академиясида 2004 йилда туғилган ёшларга сардорлик қилаётган Шахзод Акбаралиев, 2005 йилда туғилган футболчи ёшларнинг хужумчиси Абдураҳмон Сулаймоновлар риштонлик болалар ахир. Ёки “Пахтакор” футбол академиясида тўп сураётган Муҳаммадқодир Ҳамралиевни олайлик. У ҳам туманимиз фарзанди.
Қизлар ўртасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида тўп сурган Рушана Сафина ҳам 4-5 йил давомида туманимиздаги спорт мактабига қатнаган. Ҳозирда мамлакат терма жамоасининг энг яхши тўпурарларидан бири саналади. Яна Ўғилой Қўчқорова, Мафтуна Жўраевалар ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафида фаолият кўрсатишяпти. Бугунги кунда мамлакатимизнинг мана-ман деган футбол жамоаларида тўп сураётганлар орасида риштонликлар йўқ дейсизми?
Ҳозирда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида тарбияланаётган ёшларимиз ўртасида ҳам жуда кўп иқтидор эгалари бор. Халқимиз тилидаги олдингдан оққан ариқнинг қадри йўқ, деган гап наҳот ёш спортчиларимизга ҳам тегишли бўлса. Туманда ёшлар футболига эътибор шу даражада бўлса, эртага уларнинг истеъдодларига, қизиқишларига дарз кетмайдими? Буни олдини олиш учун туманимиздаги спортга мутасадди бўлган инсонларнинг бироз шижоатларини ошириш, ёшларга эса озгина эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш талаб қилинади, холос.
Хуллас, мақсадимиз Риштон футболининг аввалги мавқеини, нуфузини яна кўтариш, тиклаш. Риштон ўйингоҳида аввалги даврдагилардан ҳам кўпроқ мухлислар гувоҳлигида туманимиз жамоасини кучли лигалардаги мароқли футбол шоуларидан баҳра олиш. Сиз нима дейсиз, азизлар. Риштонда футболни ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазаларингизни, таклифларингизни бизга албатта ёзинг. Мазкур мавзудаги мунозарани ҳали кўп давом эттирамиз, насиб қилса футбол шоуларидан лавҳалар, репортажлар тайёрлаймиз.
Маҳаммадали ҲОЖИМАТОВ,
журналист.