Юртимизда спортга, хусусан, футболга бўлган эътибор юқори эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Футболни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ҳам фикримизга исбот бўла олади. Бироқ, мана шундай ғамхўрликлардан кейин ҳам Риштон туманида миллионлар ўйинини чуқур инқироз ботқоғидан олиб чиқиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаётгани аччиқ бўлса-да ҳақиқатдир. Галдаги мақоламизда Риштон футболи инқирозининг сабаблари ҳақида мушоҳада юритамиз.
ШОНЛИ ТАРИХ
Риштон футболи ўзининг шонли тарихига эга. Риштонликлар ҳам футболни жуда яхши кўришади. Илгарилари Марказий ўйингоҳ футбол бўладиган кунлари мухлислар билан тўлар, ташқарида ўйнгоҳга кира олмаётганлар сони ҳам кўпчиликни ташкил этарди. “Кооператор” ва “Риштончи” номи остида Ўзбекистон чемпионатида қатнашган жамоалар мамлакатимизнинг энг кучли жамоаларига бошоғриқ бўлганини кўп эслайман. Айниқса, ўз майдонидаги баҳсларда риштонлик маҳаллий йигитлар ҳар қандай жамоани мағлубиятга учратишарди. Риштоннинг ўз футбол юлдузлари бўларди. Уларнинг ўйинидан ишқибозлар роҳатланишарди, барча хурсанд ҳолда уй қайтар эди.
Лекин сўнгги йилларда туманимиз футболи шу қадар чуқур инқироз ботқоғига ботиб кетдики, ҳозир Риштондаги марказий ўйингоҳга дунёнинг энг кучли жамоаси келса ҳам ўйингоҳ мухлислар билан тўлмаслиги ойдек равшан. Нега, нима учун шонли тарихга эга бўлган тумандан футбол шу қадар “бегоналашиб” кетди?
Саволлар, саволлар маржон мисол терилиб келаверади? Кўпчиликнинг жавоби эса битта.
БАРЧАСИ ТУМАН РАҲБАРИГА БОҒЛИҚМИ?
Яқинда “Риштон ҳақиқати” газетасида “Риштон футболи кеча ва бугун: туманимизда уни ривожлантириш фурсати келмадими?” мақоласи чоп этилгач, ушбу мақолани ижтимоий тармоқдаги саҳифамга жойлаштирдим ва омманинг фикрини билишга қизиқдим. Фикр-мулоҳазаларга бой бўлган муҳокамада кўпчилик футболни ривожлантириш учун туман раҳбари “миллионлар ўйини”га қизиқиши лозим, деган фикрларни билдиришди.
Тўғри, уларнинг фикрларида ҳам жон бор. Лекин тарозининг бошқа палласини ҳам ҳисобга олмоқ лозим. Айни дамда мамлакатимизда улкан янгиланишлар юз бермоқда. Соҳаларни бирдек ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай паллада туман ҳокими барча ишга улгурмаслиги турган гап. Бунинг учун туман раҳбарига унинг атрофидагилар (ўринбосарлари) энг яқин ёрдамчи бўлишлари керак. Хусусан, туманда спортга масъул бўлган шахс ўзининг янги-янги ғоялари билан ҳокимнинг олдига кириши ва уни соҳага қизиқишини ошириш керак. Ана шунда ҳоким бундай илғор ғояларни рад этиш ўрнига, аксинча қўллаб-қувватлаши мумкинлигини қўшни туманлар мисолида кўриб турибмиз. Борди-ю, туман спортига масъул бўлган ходимнинг ўзи футболга қизиқмаса-чи? У ҳолда барчасига туман ҳокими айбдор бўлиши керакми? Риштонда футболнинг инқирозига биргина ҳокимнинг футболга қизиқмаслигини сабаб қилиб кўрсатиш маъқул эмас?
БЕПИСАНДЛИК ҚУРБОНИ
Риштон тумани билан чегарадош бўлган Олтиариқ туманида бундан бир йил олдин “Ифтихор” жамоаси ташкил этилган эди. Бу жамоа қисқа фурсат ичида улкан натижаларни қайд этди ва жорий йилдан эътиборан Ўзбекистон биринчилиги (Про-лига)да иштирок этмоқда. Уларда ҳам икки-уч йил олдин худди биздаги каби ҳолат эди. Ушбу туманда футболга бўлган эътибор ошиши натижасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
Риштон футболи эса ҳамон эътиборсизлик, беписандлик қурбони бўлиб келмоқда. Сабаби бугун футбол мавзуси айрим раҳбарларни умуман қизиқтирмайди. Туманда спорт соҳасига масъул ходимнинг «футбол» сўзини тўғри талаффуз эта олмаслиги борасидаги миш-миш гап-лар ҳам бежиз эмасдир, балки. Шахсан ўзимнинг туман спортига масъул бўлган ходимга берадиган бир қатор саволларим бор. У киши мен берган саволларнинг ярмига аниқ жавоб бера олмаса ҳам ажабланмайман.
Очиғи, яхшигина тарихига эга бўлган Риштон футболи сўнгги йилларда ана шундай шахслар қўлида қолиб кетаётгани унинг инқирозга юз тутишига сабаб бўлди. Эндиликда Риштонда футболга бўлган дунёқарашни ўзгартириш лозим. Акс ҳолда ривожланиш ҳақида ўйламасак ҳам бўлаверади.
ФУТБОЛ МАКТАБИДА НИМА ГАПЛАР?
Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хўш, Риштонда болалар футболига эътибор қандай? Умуман спорт мактаби қошида фаолият юритаётган футбол тўгаракларининг бугунги ҳолати ққониқарлими? Албатта, бу каби саволлар ҳам кўпчиликни қизиқтираётган бўлиши турган гап.
Туманимизда болалар футболига бўлган эътибор жуда юқори. “Марказий” ўйингоҳга қачон ташриф буюрсангиз, ёш болаларнинг футбол ўйнаётганининг гувоҳи бўласиз. Болалар футболи борасида туманимиз етакчилар қаторида десак муболаға бўлмайди. Бироқ, эришилаётган ютуқларимиз шу болалар футболида қолиб кетмоқда. Негаки, туманимизда катта футболнинг йўқлиги кўплаб ёш истеъдодларнинг порламай қолишига сабаб бўлмоқда.
Яқинда бир мураббий билан суҳбатлашганимда унинг бир гапи мени ўйлантиришга мажбур қилди. “Ўз туманингда кучли жамоа бўлиши – биз каби болалар футболида ишлайдиганларга ўзгача ғурур бахш этади. Биз бошқа мураббийлар олдида бошимизни баланд кўтариб юрамиз”, деганди ўша мураббий.
Мана энди Риштон футбол мактабларида ишлаётган мураббийларимиз мусобақаларда қандай аҳволда юришганини бир тасаввур этаверинг.
Туман футболининг инқирозида футбол мактабининг қанчалик ҳиссаси бор деган саволга эса сўнгги йилларда Риштондан Суперлига ва Про-лигада неча нафар футболчи тўп сураётгани билан жавоб бериш мумкин. Лекин барибир футбол мактаби мураббийлари ўз меҳнатларининг самарасини вилоят биринчилигида қатнашаётган жамоаларида кўришлари лозим. Суперлига ёки Про-лига жамоаларига ёш футболчиларни олиб борсангиз аввал иккинчи лигада ўйнаганми, ёки олдин иккинчи лигада ўйнасин, деб ортга қайтаришади. Футболчи ўз фаолиятини туманидаги жамоасида тоблаб бориши шарт, деб ўйлайман. Бунинг учун эса…
ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИГА ЭЪТИБОРСИЗЛИК
Президентимизнинг «Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори кўплаб риштонлик футбол мухлисларини хурсанд этганди. Улар ниҳоят, туманимизда ҳам рақобатбардош жамоа ташкил топишига умид қилишганди. Аммо Қарор чиққанига шунча вақт ўтса-да, бизда ҳеч кимдан садо чиққани йўқ. Аксинча, шу қарордан руҳланиб, туман ҳокимига ўз ғояларини тақдим этмоқчи бўлган инсонларнинг йўлига спорт бўлими раҳбари тўғаноқ бўлди. “Риштонда футбол бўлмайди, сизлар доимо ютқазасизлар” қабилидаги сўзларни айтган туман спорт бўлими раҳбаридан нималарни кутиш мумкин?
Президентимиз ҳар бир чиқишларида халқни рози қилиш керак, улар рози бўлса ишнинг унуми бўлади, деб такрор-такрор таъкидлашлари ҳам бежиз эмас. Очиғини айтиш керак, туманда меҳнаткашларнинг иш унумдорлигини кўтариш ва халқни хурсанд қилиш учун, албатта, туманда футбол жамоаси бўлиши даркор. Иккинчи лигада иштирок этиш учун эса у қадар қатта маблағ талаб этилмайди. Бунга бироз эътибор керак, холос. Мисол сифатида спортнинг футбол турида илғор бўлган туманлар бошқа соҳаларда ҳам вилоятда етакчилик қилишаётгани бор гап. Футболга эътибор бермаганлар эса…
Риштон футболини қайта тиклаш ва уни ривожлантириш учун барча бирдек ҳаракат қилиши керак. Миллионларга завқ-шавқ бағишловчи футболсиз туманда катта ютуқларга эришиш мушкул, назаримда. Эндиликда туманимиз аҳолиси ҳам футбол ўйинларидан баҳра олишга ҳақли, деб ўйлайман.
Аброр ДЕҲҚОНОВ.
«Риштон ҳақиқати» газетасининг 8-сонидан олинди.