Вилоятимизда маънавият масканлари сони яна биттага кўпайди. Туманимизда Маънавият ва маърифат маскани ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 март куни қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзининг кулолчилиги билан машҳур бўлган Риштон туманида ҳам китобхонлик, истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини яхшилаш ишлари доимий эътиборда. Янги масканнинг ташкил этилиши эса тарғибот таъсирчанлигини янада кучайтириш ва аҳоли ўртасида турли тадбирларни ташкил этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бу ерда тадбирлар зали, кутубхона, музей, тарғиботчилар, ёш ҳунармандлар хонаси бор.
Масканнинг очилиш маросимида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов, туман ҳокими ўринбосари Зарифжон Умаровлар сўзга чиқиб, ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш каби ишлар хусусида сўз юритдилар. Маънавият ва маърифат маскани ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши қайд этилди.
Рамзий тамса қирқилиб, иштирокчилар яратилган шароитлар билан танишди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчага манзур бўлди.