Бош саҳифа > Без рубрики > Қутлов СЎЗ СЕҲРИ, ШЕЪР ҲИКМАТИ

Қутлов СЎЗ СЕҲРИ, ШЕЪР ҲИКМАТИ

Шошиб пишгум мавзу топилган куни,
Қаердан бошласам экан мен уни?

Очай десам қулф, йўқ калит зоти,
Ул осмонда, йўқ менда баланд шоти.

Ул қайиқ, не қилай йўқ бўлса эшкак,
Нетай, ичда қолиб кетса ҳис, истак…

Бир шоир ўз аҳволи ҳақида шундай ёзган. Ижодкор ҳаёти ва қисмати жуда мураккаб.
Устоз Абдували Қамбарали ўғли – шоир Али Қамбар ижодий фаолиятига эллик йил тўлди. У долғаларга тўла икки аср, икки давр гувоҳи.
Талабалик йилларидан ўзбек ва жаҳон адабиётини ўқиб чиқишга аҳд қилган йигит ҳали ҳамон мутолаа билан машғул. Ўзбек, рус, тожик, қирғиз ва бошқа туркий тилларда ўқиган китоблари бир ерга жамланиб тахланса шифтга етади. Ўз ёзганларини рус, тожик ва қирғиз тилларига ўгиришни ёқтиради. Ўзга тиллардан қилган таржималарининг ўзи бир китоб бўлади.
Ижодкор ёлғиз тил ва адабиёт билан чекланиб қолмаслиги шарт. У камида йигирмата фандан воқиф бўлиши лозим. Мумтоз мусиқа, санъат, тарих, фалсафа, табобат шулар жумласига киради. Шогирдини халқ куйлари бўйича имтиҳон қилган устоз Рауф Парфи Ўзтурк унга мумтоз Али Қамбар куйи номини тахаллус қилиб қўйгани тилларда ҳикоя бўлиб юради. Ҳазрат Алининг Қамбар исмли содиқ қули бўлган дейишади. Мана бу рубоий шу тахаллус ҳақида:
Алининг Қамбари бор,
Валининг навкари бор.
Қулининг ҳам Алийул
Вали, шер Ҳайдари бор.

Қамбар сўзи туркий тилда тўрғай қуши маъносини ҳам билдиради. Ҳазрат Алининг бўзтўрғайи. Кўряпсизми, бир сўзда қанча маъно мужассам. Бизда тахаллус кўп маъноли бўлиши анъанаси ҳам бор.
Абдували ака талабалик йилларидан Фарғона педагогика институтининг “Педагог” газетаси, “Фарғона ҳақиқати”,“Риштон ҳақиқати”, кейинчалик “Адолат йўли” газеталари билан ҳамкорлик қилди. “Фарғона” нашриётида муҳаррир бўлиб ишлади. Ўнлаб китоб- ларни таҳрир қилиб нашрга тайёрлаган. Ўзининг “Юлдузлар гуллаган тунлар”, “Оқаётган сабр”, “Шамси қамар” каби шеърий тўпламларини ҳам чоп эттирди.
Халқининг маданий юксалиши, ижтимоий-миллий уйғониши тарафдори бўлган шахсларга осон кечмаган. Илм-маърифатни ўзига байроқ қилган фидойи кишиларгина жамиятни эргаштира олади. Шоир ана шу зиёли қатламнинг марказида яшайди. Халқининг тарихи, айни кундаги тақдири ва келажаги учун ўзини масъул сезади, куйиб ёнади, ўртанади. Ўтли фарёдларининг акси қоғозга кўчади.
Адабиётшунос олим Хурсанд Шарафиддинов Али Қамбарнинг янги чиққан “Шамол ёр-ёри” китоби ҳақида ёзар экан, шундай хулосага келади:
Ижод жасоратни талаб қилади. Жасорат ҳақиқий ижод ва ижодкорнинг биринчи белгиси. Ҳақ сўзни айтиш шеъриятнинг маърифати. Шоир ўз замонидан туриб сўзлайди, ўзи яшаётган жамиятнинг ижтимоий мазмунидан хабар беради.
Қуйида шоирнинг шеърларидан ўқийсиз.
ЁМҒИР
Бугун ёмғир ёғди узун,
Гоҳ сержаҳл, гоҳ майин.
Хаёл бўлиб тизим-тизим
Ёғаверди тинмайин.

Шивирида оғир-оғир
Неларнидир қўмсайди.
Эҳ, ҳамма ёқ мену ёмғир
Каби ўйга чўмсайди.

Ўйга чўмгим келар узоқ,
Узоқ-узоқ ўйласам.
Ўз-ўзимга бериб изоҳ,
Сени фақат ўйласам.

Кўкдан ҳасрат ёғаверди,
Тинглайверди вазмин ер.
Хаёлларинг оқаверди
Бўлиб янги ҳазин шеър.

ТЎРТЛИКЛАР

Кимнинг бир ёри бўлса
Тангрининг инояти,
Вафоли бўлса яна раҳмати,
ҳидояти.
Манглайига битилган
Оллоҳнинг ишқ ояти,
Боши узра юз туман
фаришта ҳимояти.

* * *
Ҳар ишга омилу моҳир эмасман,
Жумладан оламда нодир эмасман.
Бу ишлар ҳаммаси Худодан бўлди,
Ислоҳ этмакка ҳам қодир эмасман.

* * *
Сўроқладим…олди кимдир
малолига,
Нелар келди, билмадим,
танг хаёлига.
Бир жавоб йўқ хаёлимнинг
саволига,
Сабаб ҳам йўқ зиёлининг
заволига…

* * *
Ғамли умрим сен билан
енгил, серқилиқ бўлди,
Саратоним салқину
қаҳратон илиқ бўлди.
Бир дам дариғ тутмадинг
беминнат меҳринг, яъни
Мен ёмонга қилганинг
фақат яхшилиқ бўлди.

* * *
Тун ёнар, қоғоз куяр
сўзим билан олишиб,
Кун эса ҳусн суяр
кўзим билан олишиб.
Гоҳ мақбул, гоҳо малул,
ўтар умр шу зайл,
Дам зеру, дам забарман
ўзим билан олишиб.

* * *
Яратганга шукурким,
руҳим ҳур, учқур этиб,
Митти қалбим уммондек
туби йўқ чуқур этиб.
Севиб булутли онин,
ҳам зиёли осмонин,
Яшарман бергани ҳар
нафасга шукур этиб.
Устоз ижодкорни янги китоб ва яқинлашиб келаётган таваллуд айёми билан табриклаб қоламиз.

Толиб Носир.