Бош саҳифа > Жамият > МУЛОҚОТЛАР ИЖОДКОРГА ИЛҲОМ БАҒИШЛАЙДИ ФАРҒОНАЛИК БИР ГУРУҲ ЖУРНАЛИСТЛАР ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШИШ МАҚСАДИДА СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА БЎЛИБ ҚАЙТДИЛАР

МУЛОҚОТЛАР ИЖОДКОРГА ИЛҲОМ БАҒИШЛАЙДИ ФАРҒОНАЛИК БИР ГУРУҲ ЖУРНАЛИСТЛАР ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШИШ МАҚСАДИДА СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА БЎЛИБ ҚАЙТДИЛАР

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан кўплаб журналистлар нафақат Республикамиз вилоятлари, балки, бир қанча чет эл матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳамда у ерларда фаолият юритиб келаётган ҳамкасблар билан ижодий учрашувлар, мулоқотлар олиб борилаётгани ҳақида доимий равишда хабарлар бериб борилади.

Бу сафар вилоятимизнинг шаҳар ва туманлари, кўп тармоқли газеталари бош муҳаррирлари, ходимларидан иборат ўттиз нафар журналистлар ўзаро тажриба алмашиш, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш ва келгусида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Республикамизнинг жанубий ҳудудидаги Сурхондарё вилоятига ташриф буюришди.

Фарғоналик журналистлар Термиз темир йўл вокзалида мезбонлар томонидан нон-туз билан, ҳақиқий шарқона урф-одатларга кўра, тантанали равишда кутиб олиндилар. Меҳмонлар Термиз шаҳридаги Матбуот уйининг қайта реконструкция қилинган янги биноси фаолияти ва у ерда меҳнат қилаётган “Сурхон тонги” ҳамда “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти ходимларига яратилган шарт-шароитлар  билан танишдилар.

Матбуот уйи биносининг қиёфаси ва хоналарнинг юксак дид билан жиҳозлангани меҳмонларда катта таассуротлар қолдирди.

Бинонинг муҳташам залида ташкил қилинган мулоқотда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов, “Сурхон тонги” ҳамда “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Райҳон Раҳимова, Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ҳар икки вилоятлари бошқармалари   бошлиқлари ва бошқалар Президентимиз томонидан мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга оид қабул қилинаётган қатор Фармон ва қарорлар, шунингдек, ҳар икки вилоятда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг холисона, тезкор ёритилиши учун журналистларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

-Бугунги кунда газетамиз 15 минг 700 нусхада чоп этилмоқда, – деди “Сурхон овози” газетаси масъул котиби Усмонали Норматов. –Таҳририятимиздаги 28 нафар ходимлар билан вилоятимизнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ва бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек газетхонларни қийнаб келаётган муаммоларни саҳифаларимизда тўлақонли ёритиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Фарғоналик ҳамкасбларимиз билан қилган очиқ мулоқотлар давомида соҳа ривожи ва муаммолар ҳақида баҳс-мунозаралар бўлди. Ўйлайманки, Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам фаолият юритиб келаётган журналистлар Фарғона тажрибасини қўллаб, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатсалар фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Шундан сўнг Сурхондарё вилояти телерадокампаниясида икки вилоят журналистларининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди ва шу куни эфирга узатилди.

Фарғоналик журналистлар Термиз туманидаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолияти билан танишдилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 сентябрда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Саммити доирасида Афғонистон ислом Республикаси Президенти билан учрашувдаги музокаралари давомида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Термиз туманида, Афғонистон билан чегара ҳудудида афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилган эди. Мазкур келишув ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 911-сонли қарори қабул қилинган.

Айни вақтда марказда 122 нафар афғонистонлик талаба ёшлар таҳсил олмоқдалар. Марказнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” бакалавр таълим йўналиши бўйича 96 нафар талабага Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Термиз Давлат университетининг профессор-ўқитувчилари сабоқ беришмоқда.

Шунингдек, талабаларнинг 26 нафари “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” (локомотивлар, вагонлар) йўналиши бўйича таҳсил олишмоқда.

-Икки давлат раҳбарларининг ёшларга бераётган эътиборлари туфайли биз бу йил Ўзбекистоннинг Термиз туманида ташкил қилинган олийгоҳнинг талабаси бўлдик, – деди Афғонистон Республикасининг Бадаҳшон вилоятидан келган талаба Абдулло Аминий. – Бу ерда устоз-муаллимлардан сабоқ олиб, олийгоҳни битириб, ўз она юртимдаги мактабда ёшларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ бераман.  Учрашувда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан афғонистонлик талабалар учун махсус кўрик-танлов эълон қилинди. Бўлим муассислигида чоп этилаётган “Олам аро” журналида Афғонистон ҳаёти ва ушбу таълим маркази фаолияти билан боғлиқ энг яхши мақола ғолибига журнал ҳисобидан Фарғона вилоятига уч кунлик бепул саёҳат ташкил этиладиган бўлди.

Ижодий сафар давомида фарғоналик журналистлар Термиз шаҳридаги Маннон Уйғур номли Сурхондарё вилоят мусиқали драма театрида Холи Хурсандов қаламига мансуб, Ўзбекистон Санъат арбоби Мансур Темиров томонидан саҳналаштирилган “Алпомишнинг қайтиши” спектаклини томоша қилдилар. Тарихий обидаларни, шунингдек, ал Ҳаким Ат-Термизий зиёратгоҳини ҳам бориб кўрдилар.

* * *

Сурхондарё вилоятига қилинган ижодий сафардан қайтишда фарғоналик журналистлар Тошкент шаҳрида янги очилган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлиб, у ерда талабалар учун яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Бўлғуси журналист-талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда устоз журналистлар ушбу касбнинг қийин, масъулиятли ва шарафли томонларини ҳаётий тажрибалари мисолида сўзлаб бердилар. Учрашувдан сўнг фарғоналик журналистлар университет кутубхонасига юзга яқин турли бадиий адабиётларни тақдим этдилар. Шундан сўнг журналистлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси муассислигида чоп этилаётган “Ишонч” газетаси таҳририятида бўлиб, ҳамкасб ижодкорларга яратилган шароитлар билан танишиб, очиқ мулоқотлар олиб бордилар. Таҳририятда ташкилланган давра суҳбатида “Ишонч” ҳамда “Ўзбекистон овози” газеталари бош муҳаррирлари Ҳусан Эрматов, Сафар Остонов, шунингдек, “Маҳалла”, “Оила даврасида” газеталари бош муҳаррирлари бугунги кунда Республикамизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларига берилаётган эътибор ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Маълумки, 2017 йилдан бошлаб мамлакатимиз пойтахти Тошкент  шаҳрида Марказий Осиёда ягона ва “Шаҳар ичидаги шаҳар” дея эътироф этилаётган “Тashkent Citi” халқаро ишбилармонлик марказининг қурилиши жадал суратларда олиб борилаётганидан хабарингиз бор. Лойиҳа доирасида ер майдонлари бош режасини тузиш учун Буюк Британия, Туркия, Сингапур каби мамлакатларнинг йирик ташкилотлари жалб қилинди. Режага мувофиқ ер майдонлари 8 та қурилиш ҳудудларига ажратилган.

Лойиҳага кўра шаҳарчада савдо мажмуалари, кўп қаватли замонавий уйлар,  офислар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, конгрессхолл, кўргазма заллари, сунъий кўл, ресторанлар ва бошқа замонавий объектлар қурилади.

– Бу ерда 6 қаватли турар-жой бинолари қуриляпти, – деди 7-лот қурилиш ҳудуди раҳбари Александр Ксон. – Қурилиш шаҳарчасида барча ишлар халқаро стандартлар талаблари асосида амалга ошириляпти. Мазкур шаҳарчадаги бинолар 2020 йилнинг май ойида қуриб битказилади ва фойдаланишга топширилади. Шунингдек, “Тashkent Citi” лойиҳаларини амалга ошириш учун 12 та ташкилот билан инвестиция шартномалари имзоланган. Шаҳарчада қурилаётган 5 юлдузли “Hilton” меҳмонхонаси 21 қаватдан иборат ва у Ўзбекистонда энг баланд меҳмонхона бўлади.

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,

Фарғона-Тошкент-
Термиз-Фарғона.