Кейинги йилларда мамлакатимизда бўлгани сингари туманимизда ҳам фуқароларнинг турмуш тарзини енгиллаштириш, уларга қулай шароитлар яратиб бериш борасида эътиборга молик ўзгаришлар амалга оширилаётгани қувонарли бўлмоқда.
Аҳолига, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси ҳам намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 2017 йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан 2017 йил учун қўшимча равишда уй-жойлар қуриш белгиланган эди. Яқинда туман марказидаги Даҳбед маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий услубда қуриб битказилган уч қаватли бино фойдаланишга топширилди.
Эътиборли томони шундаки, мазкур уйларга кўчиб ўтганларнинг 7 нафарини ногиронлиги бор бўлган фуқаролар ташкил этади. Уларга бошланғич тўлови тўлаб берилган ҳолда уй-жойларнинг калитлари топширилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев қўлидан уйларнинг калитларини олган фуқаролар юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатига, юртимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффолигига шукроналар келтириб, Президентимизни ҳамда вилоятимиз раҳбарларини дуолар қилишди.
Кўплаб оилаларга хурсандчилик олиб келган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Робахон Махмудова, туман ҳокими Тавакалжон Раҳимов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Манба: «Риштон ҳақиқати» газетаси