Бош саҳифа > Жамият > ОЗАРБАЙЖОНЛИК ШОИР ШОХМАМАД ТОҒЛАРЎҒЛИ ТАҲРИРИЯТИМИЗ МЕҲМОНИ

ОЗАРБАЙЖОНЛИК ШОИР ШОХМАМАД ТОҒЛАРЎҒЛИ ТАҲРИРИЯТИМИЗ МЕҲМОНИ

Шохмамад Тоғларўғли 1956 йили Озарбайжон республикасининг Исмоилли туманида туғилган. 1991 йили Новосибирск Халқ хўжалиги институтини иқтисодчи-мухандис ихтисослиги бўйича битирган. 2005 йилда бир йиллик журналистика курсини тамомлаган. Бешта китоб муаллифи. Ўттизга яқин китоб муҳаррири, икки тўпламнинг тузувчиси. Шеърлари “Турк дунёси шоирларининг антологияси” ва бошқа альманахлардан ўрин олган. 2014 йилдан ўзи таъсисчиси бўлган “Исмоилли ёзувчилари” адабий-ижтимоий уюшманинг раҳбари. 2008 йилдан бошлаб нашр этилаётган “Исмоилли хабарлари” газетасининг таъсисчиси ва бош муҳаррири. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Яқинда туманимизга ташриф буюрган Озарбайжон Республикасининг Исмаилли тумани делегацияси сафида озарбайжонлик шоир Султонов Шохмамад Нурулла ўғли (Шохмамад Тоғларўғли) ҳам бор эди. Ана шу ташриф чоғида таҳририятимиз меҳмони бўлиб, 2018 йилда Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси, Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти, Ўзбек-Озарбайжон дўстлигини тарғиб этган энг фаол таржимон номини олган Шаҳло Қосимова билан ҳамкорликда тузган ва ўзбек тилига уйғунлаштирган, Ўзбекистонда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг маблағи билан нашр этилган “Ўзбек шеърияти гулчамбари” номли китобини совға қилди.

Қуйида озарбайжонлик шоир Шохмамад Тоғларўғлининг янги шеърларидан эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

ОНАДИР

Сен учун жоним фидо бўлсин, Ватан,

Сен ва онам менга бир жон-у бир тан.

Юракдан, юракдан, соф, чин юракдан,

Ул мен севган инсон онадир, она.

 

Сочларида қиров фарзанд йўлида,

Ёш ўтгач панадир қиз-у келиндан.

Айланай мен унинг ширин тилидан,

“Жоним болам”, деган онадир, она.

 

Алласи ёқимли булоқ куйидан,

Туйиб, баҳра олар фарзанд бўйидан.

Орзиқиб кутилган ўғлин тўйидан,

Гоҳида сўз очган онадир, она.

 

СЎЙЛАЙДИ

“Ўчмас ҳеч бағримдан сен чеккан заҳмат”, –

Бу сўзни чаманим, гулим сўйлайди.

“Заҳматни севганим инсонда нафрат”, –

Бу сўзни дудоғим, тилим сўзлайди.

 

Ҳаётда хўб қийин кунлар кўрмишам,

Аммо ҳар зарбага кўксим кермишам.

“Кучим, қувватим элга бермишам,”-

Бу сўзни қадоқли қўлим сўйлайди.

 

Эл мени севса гар бир шоир қадар,

Бўлмоқ истамасман бесар, дарбадар.

“Интил, ўтмасин кун бекор, бесамар,” –

Бу сўзни ойларим, йилим сўйлайди.

 

МАҲЗУН ТУЙҒУЛАР

Гўзаллар ичида сендан гўзални,

Кимки кўрдим деса, мен ишонмасман.

Куйдириб кул қилсин алангаларинг,

Ҳеч кимнинг дардида бунча ёнмасман.

 

Умрнинг куз чоғин ҳароратин кўр,

Гул очмоқ истайди кўҳна орзулар.

Дунёнинг энг бахтли аёлларидир, –

Онаизорим ва мен севган дилбар.

 

Тўймоққа, толмоққа бормикан ҳаққим,

Барчасин севмакка юрагим тайёр.

Менинг азизларим, жигаргўшамдир,

Ким ишқ-муҳаббатда пок ва вафодор.

 

Ҳаётнинг негизи, мағзи севгидир,

Ўлмакка ҳозирман севмаган куним.

Дунёда сўнгги нафасим қадар.

Қул бўлай севгига бағишлаб умрим.

 

Қуёшдан ўрганинг қандай севмакни,

Ойнинг нурида ҳам севги бор, билинг.

Тирикман меҳрли инсонлар-ла мен,

Гар ўлсам севги бор ерга дафн этинг.