Китоб ҳар бир инсон учун содиқ дўст, маслаҳатгўй, ибрат мактаби. Ёш авлод китоб мутолааси жараёнида эркин фикрлашни, унда ёритилган ҳаётий воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқаришни, ижобий тимсоллардан ибрат олишни ўрганади. Туманимизда ҳам дарсдан бўш пайтларида китоб ўқишни одат тусига киритган ўқувчилар сафи тобора кўпайиб бормоқда.
Дилрабо Ўткирова ҳам ана шундай ўқувчилардан бири. У 47-ўрта умумтаълим мактабининг 8-синфида аъло баҳоларга таҳсил олмоқда. Дилрабо ёшлигидан китоб ўқишга жуда қизиқади. Мактаб кутубхонасида у ўқимаган китоб қолмади, ҳисоб. Мактабда ўқувчиларни адабиёт фанига, китобга меҳр қўйишларида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нафисахон Ёдгорованинг хизматлари катта.
“Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичида 14 ёш тоифасида иккита шарт бўйича 19 та туман, шаҳардан борган ёшлар беллашувида “Ёш китобхон” тўгарагининг фаол аъзоси бўлган Дилрабо ҳам қатнашиб, 171,6 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Худди шу танловнинг Республика босқичида ҳам қатнашган Дилрабо фахрли 3-ўринни эгаллаб, туманимиз, вилоятимиз шарафини ҳимоя қилди.
-Тўртта шарт бўйича ўтказилган танловда иштирок этган 14 нафар иштирокчининг барчаси ўзларининг китобга бўлган меҳр-муҳаббатларини намоён этдилар,-деди биз билан суҳбатда Дилрабо Ўткирова.-Кучли рақобат, ҳис- ҳаяжон билан ўтган танловда биринчи ўрин Самарқанд вилояти, иккинчи ўрин Тошкент шаҳридан қатнашган тенгдошларимга насиб этди. Мен 232,6 балл билан учинчи ўринни эгаллаб, 200 та бадиий адабиётлар билан тақдирландим.
Пастки Булоқбоши қишлоғи аҳли ёш китобхонни карнай-сурнайлар, катта тантана билан кутиб олдилар. Мактабда ўқувчилар, ота-оналар билан бўлган учрашувда Дилрабо ўз таассуротларини тўлқинланиб сўзлаб берди.
Учрашувда туман Халқ таълими бўлими мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоҳиджон Мамасолиев, туман Кенгаши депутати Турғуной Қодирова, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши раиси Адҳамжон Усмоновлар қатнашдилар ва сўзга чиқдилар.
Азимжон ХОНҚУЛОВ,
туман ХТБ мудирининг ўринбосари.
Жамилахон ҚУРБОНОВА.