Бош саҳифа > Без рубрики > ЙЎЛЛАРДА ҲАРАКАТ ТЕЗЛИГИ ЧЕКЛАНДИ. БУНДАН ХАБАРИНГИЗ БОРМИ?

ЙЎЛЛАРДА ҲАРАКАТ ТЕЗЛИГИ ЧЕКЛАНДИ. БУНДАН ХАБАРИНГИЗ БОРМИ?

Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий қисми тезликни меъёридан ошириш билан боғлиқ. Шу сабабли транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлигини чеклаш мақсадга мувофиқ. Ана шуни эътиборга олиб ҳудудий комиссиялар томонидан шаҳар-туманлар марказларидаги ҳаракат қатнови юқори бўлган ҳамда аҳоли гавжум жойларидаги кўчаларда транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлигини соатига 60 километр этиб белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. 

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 3-сонли баёнига кўра юқори тезлик чекланган кўчалар хатловдан ўтказилиб, тегишли белгилар босқичма-босқич ўрнатилади ва кўчаларда ўрнатилган махсус мосламалар ҳам транспорт воситаларининг тезлигини аниқлашда чекланган 60 километр соат тезликка мослаштирилади.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланди.

Шунингдек, мисол тариқасида Тошкент шаҳридаги Кичик ҳалқа йўли ичида жойлашган кўчаларда, Наманган шаҳри ва Хоразм вилояти Урганч шаҳрининг барча кўчаларида, Нукус шаҳрининг айрим кўчаларида ҳамда вилоятлар ва шаҳар туманларининг баъзи марказий кўчаларида транспорт воситалари ҳаракатининг чекланган тезлиги 60 километр соат этиб белгиланди.

Тегишли йўл белгилари ўрнатилиб, кўчаларда ўрнатилган махсус мосламалар ҳам транспорт воситаларининг тезлигини аниқлашда чекланган 60 километр соат тезликка мослаштирилгандан сўнг йўл ҳаракати иштирокчилари тезликни оширганлиги учун жаримага тортила бошланади.

Риштон тумани ҳудудида ҳам йўл-транспорт ходисалари ва энг ачинарлиси одам ўлими билан боғлиқ ходисалар содир этилаётгани ачинарли, албатта. Пиёдаларнинг ҳаракатланиши ва автомобиль йўлидан хавфсиз ўтиб олишларини таъминлаш мақсадида туман ҳудудидан ўтган 4 Р-112 “Фарғона ҳалқаси” автомобиль йўлининг 259-км. қисмидан, яъни, Қалайнав аҳоли яшаш пунктидан 269-км. қисми – Бўжай аҳоли яшаш пункти оралиғида ҳаракат тезлигини 60 км./соатга тушириш мақсадга мувофиқ деб топилди. Қўшимча сифатида чорраҳаларга ўрнатилган видеокузатув камералари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги 747-сонли ҳамда 2020 йил 11 ноябрдаги 713-сонли қарорлари талаблари асосида қоидабузарликлар аниқланиб, ҳуқуқбузар ҳайдовчиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштириб бориляпти.

Йўлларда ҳаракатланаётган автотранспорт эгаларидан қонунга ҳамиша амал қилишларини сўраб қоламиз. Шундагина оилангиз иқтисодига зарар қилмаган ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари олдини олишга катта ҳисса қўшган бўласиз.

Рустам МАМАСИДИҚОВ,

Риштон тумани ИИБ ЖҲХ ЙҲХГ катта инспектори в.б, капитан.