Бош саҳифа > Без рубрики > МАЪНАВИЯТ – МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШ ПОЙДЕВОРИ

МАЪНАВИЯТ – МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШ ПОЙДЕВОРИ

Ҳаёт суръатининг тезлашуви деб аталаётган бугунги глобаллашув шароитида маънавий тарбия иқтисодий ўсиш, илмий тафаккур, маърифий етуклик каби тушунчалар қаторида етакчи ўринга эга бўлиб турибди. Чунки айни шу соҳада юзага келаётган муаммолар бошқа соҳалардаги муаммолар ечимига бориб тақалади.

Маънавият оқсаса илмий тараққиёт тўғри йўлдан чалғиши мумкин – бугун дунёнинг фавқулодда истеъдодли олимлари, туғма қобилият эгалари соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитга зарар етказмаслик, инсон маиший турмушини яхшилаш  муаммолари билан эмас, замонавий қурол-яроғлар яратиш билан шуғулланмоқда.

Маънавият бир четга суриб қўйилса, янги бойлар хайр-саҳоват, мурувват йўлини қўйиб, ҳою ҳавасга, тутуриқсиз харажатларга бериладилар, бемаъни урф-одатларни ўйлаб топадилар ва шу ишлари билан ном қозонадилар.

Дунё дунё бўлиб пул, бойлик юзага келганидан бери ҳеч бир бойвачча “Бўлди, мол-мулким ошиб-тошиб кетди, бошқаларга ҳам қолсин”, деган эмас. Маънавиятли киши, агар унинг атиги бир кунлик ризқидан бошқа ҳеч вақоси бўлмаса ҳам, шукр қилади. Шу ризқни оғзига солаётиб, бошқалар тўғрисида ҳам ўйлайди.

Бундан англашиладиган хулоса шуки, эндиликда дунёни куч, бойлик, қурол-яроғ, дўқ-пўписа эмас, имон-эътиқод, фаҳм-фаросат, ақл-идрок, таълим-тарбия билан мужассамлашган маънавият қутқаради. Коронавирус пандемияси инсон ҳаётида кутилмаганда ғаройиб ҳолатлар  ҳам юз бериши мумкинлигини ошкор қилди.

Улардан бири – тождор вирус ҳамласи пайти ҳисобсиз бойликка эга кишилар ҳам бу офатдан четда қолмади. Халқона айтганда, “Бир кафт буғдой ош бўлди, тилла, кумуш – тош бўлди”.

Шу сабабдан ҳам бугун дунёда кечаётган мураккаб жараёнларни таҳлил қилишда уларга, энг аввало,  маънавият кўзи билан қараш, ҳаётимизга кириб келаётган, турмуш тарзимизга сингдирилаётган “қоида”лар кимга ва нимага қаратилганини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугун дунёда иқтисодий соҳада – ўзга минтақалардаги табиий бойликлар устидан назоратни қўлга киритиш, мафкуравий соҳада – турли халқларнинг асрлар давомида шаклланган турмуш тарзини ўз манфаатлари йўлида “ислоҳ” қилиш, ёшлар онги ва қалбини эгаллаш, уларни тўғри йўллардан чалғитиш каби носоғлом хатти-ҳаракатлар тобора кучайиб бормоқда.

Ҳаётий тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай “жозиба”га тез маҳлиё бўлиб, ўзлари билмаган ҳолда кимларнингдир тўрига илиниб қоладилар. Ёшларни бундай ҳалокатдан асрашда бадиий адабиёт, маънавият ва маърифат тарғиботи халоскор кучга айланади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, барча нарсанинг асосида икки куч бўлади: бири бунёдкорлик, иккинчиси вайронкорлик. Уларнинг биринчиси давлат ва жамиятни тараққиёт сари етакласа, иккинчиси эса танназулга олиб боради.

Бетакрор юртимизнинг эртанги куни, унинг келажакдаги мавқеи ва бугунги барқарорлигининг бардавомлиги ёшларимизга, уларнинг таълим ва тарбиясига бевосита боғлиқдир. Юксак маънавият ҳақида кўп эшитганмиз, такрор-такрор гапирамиз. Болаларимизни юксак маънавиятли этиб тарбиялашимиз керак, деймиз.

Ҳа, фақат деймиз-у, аммо… натижа масаласида муаммога дуч келамиз. Чунки бугунги глобаллашув даври ёшлар тарбияси масаласини ҳам глобал муаммога айлантирди. Буни ҳал қилиш учун ҳар ким ўзича йўл тутмоқда.

Тарбия борасида кимдир “Олдин моддий ҳаёт, кейин маънавият” қабилида иш тутишни танлаган бўлса, яна кимдир бу масалани ўз ҳолига ташлаб қўя қолди. Оқибатда эса бутун жаҳон миқёсида ёшларнинг маънавий дунёси салбий томонга ўзгара бошлади. Жуда кўплаб мамлакатлар учун маънавият ва уни асраш масаласи энг жиддий, энг долзарб муаммолигича қолмоқда.

Отабек МАДАМИНОВ,

туман ҳокимлигининг диний масалалар бўйича бош мутахассиси.