Бош саҳифа > Без рубрики > ШОИР ВА ТАРЖИМОН ТОЛИБ НОСИР – 60 ЁШДА

ШОИР ВА ТАРЖИМОН ТОЛИБ НОСИР – 60 ЁШДА

Толибжон Холмаматович Носиров – Толиб Носир Риштон туманидаги Зоҳидон қишлоғида зиёли оиласида туғилган. 1985 йили Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган. Туркиядаги Эгей университети докторантураси ва Фарғона давлат университети аспирантурасини битирган. Фарғона вилоятидаги турли газета-журналларда ишлаган. Ҳозир “Риштон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари. Шунингдек, 37-мактабда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи.
Толиб Носир 1994 йилда Туркиянинг Анқара шаҳрида “Altin Kalem” (Олтин қалам) танлови ғолиби бўлган. 2001 йилда ”Буюк аждодларнинг ворисларимиз” (“Фарғона” нашриёти), 2018 йилда “Бобурнома”даги форсий шеърлар таржимаси” (Таржумаи ашъори форсии “Бобурнома”) китобларини нашр эттирган.
Иккинчи китобидан “Бобурнома”даги 75 та, Бобур девонидаги 48 та форсча, 1 та форсча-ҳиндча, 1 та ўзбекча-ҳиндча ширу шакар шеърлар таржимаси ҳамда “Бобур рубоби” (Рубоби Бобур) шеърлар туркуми ўрин олган. Мазкур рисолага афғонистонлик профессор Бурҳонуддин Номиқ, туркиялик профессор Билол Южел, профессор Саидбек Ҳасанов, адабиётшунос олим Жалолиддин Жўраев, филология фанлари доктори Ҳабибулло Жўраев ва бошқалар тақриз, сўзбоши ёзганлар.
Унинг ички ва халқаро туризмни тарғиб этган мақолалари Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм бўлими раҳбари Жесим Чалабий эътирофига сазовор бўлган.
Толиб Носир турк, форс ва ўзбек адабий алоқаларини тадқиқ этиб келмоқда. У бир қатор турк, форс-тожик адиб ва шоирлари асарларини ўзбекчага ўгирган. Умар Хайём рубоийларининг асл оҳангини сақлаган ҳолда аруз вазнида таржима қилмоқда. Бир неча муаллиф китобларига муҳаррирлик қилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 10-11 июнь кунлари қардош Тожикистон диёрида бўлганларида ўзбек ва тожик халқларининг азалий дўстлиги, Жомий – Навоий муносабатларига бағишлаб асарлар, кинофильмлар яратиш ҳақида икки халқ зиёлиларига таклиф берган эди. Бу тавсиялардан илҳомланган шоир “Навоий жоми – Жомий навоси” (Жоми Навой – Навои Жомй) номли бадиий таржима рисоласи, “Таржима замзамаси” баёзи ҳамда “Бобурнинг форсий тароналари” (Таронаҳои форсии Бобур) номли тўп- ламларини нашрга тайёрлади. Навоий – Жомий муносабатлари ёритилган, Жомийнинг Навоийга бағишлаб, Навоийнинг Жомийга бағишлаб ёзган шеър- лари таржимасидан иборат рисоласи қардош Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Абдужаббор Азиз Раҳмонзодага манзур бўлган ва эътироф этилган.
Толиб Носир саёҳатлари давомида Умар Хайём, Жалолиддин Балхий-Румий, Сулаймон Чалабий, Жомий, Навоий, Бобур асарларини йиғиб келмоқда.
Риштон ва унинг буюк фарзанди – “Соҳиби Ҳидоя” номи билан дунёга танилган Абулҳасан Али Бурҳониддин ар-Риштоний ал-Марғиноний ҳақида “Бобурнома” саҳифаларида ажойиб қайдлар бор. Толиб Носир Риштон туманида “Бобур ҳужраси” (кутубхонаси билан) бунёд этиш ғоясини кўтариб чиқди.
Толиб Носирнинг адабий тадқиқот, бадиий таржималари юксак дид ва заковат билан бажарилган. Улар китобхоннинг савиясини кўтариш ва дунё- қарашини бойитишга хизмат қилади. Бу ижодий меҳнат маҳсуллари халқлар дўстлиги, диний бағрикенглик, туркий ва форсий адабиётлар муштараклиги ғоялари билан йўғрилган.
Шоир ва таржимон Толиб Носирни таваллуд айёми билан туман маънавиятчилари номидан самимий муборакбод этамиз ва ундан янги-янги асарлар кутиб қоламиз.

Дилоромхон ДОДОБОЕВА,
Маънавият ва маърифат
маркази туман бўлими раҳбари