Бош саҳифа > Без рубрики > Секторлар фаолиятидан

Секторлар фаолиятидан

ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ
УЛКАН ЎЗГАРИШЛАР ОСТОНАСИДА

Бугун ҳар бир юртдошимиз кўнглида янги ўзгаришларга интилиш кучайган. Буни Ўзбекистон Конституциясига киритилиши кўзланаётган ўзгариш ва қўшимчалар жараёнидаги халқимиз муҳокамаларида ҳам кўрдик. Юртга даҳлдорлик туйғуси, ўз келажагига бефарқ эмаслиги шу жараёнларда фаол қатнашган юртдошларимиз мисолида янада яққолроқ намоён бўлди.
Ушбу сиёсий жараёнларни бевосита кузатиб, бир нарсага амин бўлдимки, бошланаётган янги даврдаги ўзгаришларга фуқароларимиз бефарқ эмаслар. Ўзлари ташаббускор бўлиб, кўплаб таклифлар бердилар, ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватладилар.
Сўнгги олти йил давомида юртдошларимизнинг дунёқараши, турмуш тарзи, жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарди. Буларнинг барчаси аҳоли даромадларининг изчил ўсаётгани, одамларнинг шахсий уй-жой ва сифатли истеъмол товарлари билан таъминланаётгани, яшаш учун зарур инфратузилманинг кенгайиб бораётганида намоён бўлмоқда.
Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Президентимиз қаерга бормасин аҳоли билан учрашиб, уларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишлари, дуч келаётган муаммоларига алоҳида эътибор бериб, маҳаллама-маҳалла юриб, одамларнинг дарду ташвишини эшитмоқда. Шу орқали одамлар қалбига йўл топилиб, уларнинг руҳиятида катта ўзгариш юз берди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортди, сиёсий хабардорлик даражаси кўтарилди. Энг муҳими, одамларнинг кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга бўлган муносабати ўзгариб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлди.
Илгари тарихда бўлмаган, бугунги кунда бошқарувдаги секторлар тизимининг жорий қилиниши эса давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Жамиятда камбағаллик ва ишсизликка барҳам беришни кўзда тутувчи, аҳолининг энг қийналган, шароити оғир қатламини қамраб олувчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтар”лари жорий этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари тизимли қўллаб-қувватланмоқда. Уй-жойга муҳтож юртдошларимиз ўз бошпаналарига эга бўлиб, бахтиёр турмуш кечиришмоқда. Турли бюрократик тўсиқларга барҳам берилиб, кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бор шахсларга ҳам катта имтиёз ва имкониятлар берилмоқда.
Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Олти йил олдин “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ислоҳотлар пойдеворига тамал тоши қўйилган эди. Эндиликда ушбу ёндашувни ҳаётимизда бош қадриятга айлантириш қолди, холос.
Ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан бошланган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттиришга қаратилган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эълон қилинди. Ушбу стратегия ҳам юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгилангани билан аҳамиятлидир. Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити яратишни назарда тутади.
Юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, аввало, инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.
Рустамжон МАДАЛИЕВ,
Риштон тумани прокурори.