Безгак – трансмиссив протозой юқумли касаллик бўлиб, истима хуружлари, талоқ ва жигарнинг катталашуви билан кечади. Касаллик бемор одамдан соғлом одамга уч хил йўл билан чивинлар орқали, инъекция тушиши ва гемотрансфузияда – йўлдош орқали онадан болага ўтади.
Касалликнинг энг оғир тури бу тропик безгак бўлиб, унинг яширин даври 7-14 кун бўлади. Дастлабки белгилари: нохушлик, чарчаш, бош оғриши, енгил бош айланиши, кўкракда, белда, суяк ва бўғимларда оғриқ, иштаҳа йўқолишидан иборат. 1-2 кундан сўнг тана ҳарорати 37,5-38,00 гача кўтарилади. Биринчи 5-6 кунда истима доимий ёки қайталанувчи, кейинги кунларда эса истима даврий тус олиб, ҳар 1-2 кунда ёки 3 кунда 2 марта кўтарилиб туради. Ўз вақтида касаллик аниқланиб даво муолажалари бошланганда ушбу белгилар тезда йўқолади, фақат спленомегалия ва анемия қолади. Аксинча бундай касаллик вақтида аниқланмасдан 4-5 кун ўтказиб юборилса аксарият ҳолларда ўлим билан тугаши кузатилган.
Келинг, аввал ҳам таъкидлаган воқеликларга қайтайлик. Масалан, Олтиариқ туманининг Бўрбонлиқ қишлоғида яшовчи фуқарода чет элдан қайтган кунларининг ўзидаёқ тўсатдан тропик безгак касаллигининг клиник симптомлари бошланди. Кўрилган чоралар натижасида бемор жуда қийинчилик билан ҳаётга қайтарилди, Бироқ, кейинчалик шу касалликнинг тарқалиб кетиш хавфи туғилди. Бу эса жуда қийинчилик билан бартараф этилди. Ёзёвон туманидаги Тошовуз қишлоғида яшовчи М. Комилов ўзи шифокор бўлса-да, касаллик ташхиси вақтида аниқланмаганлиги сабабли унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Туманимизда ҳам ўндан зиёд шифокорлар безгак касаллиги хавфли бўлган мамлакатларда, айниқса, араб давлатларида ишлашмоқда. Бу ҳам касаллик юқиши эҳтимолини юзага келтиради. Шунингдек, бизнинг туманимизда ҳам шоли экилиши ва очиқ сув ҳавзаларининг кўплиги мазкур касаллик ташувчиси бўлмиш чивинларнинг кўпайиши учун қулай шароит вужудга келтиради. Безгак касаллигининг ташувчиси бўлган Anopheles чивинларининг олтитадан ортиқ хавфли турлари мавжуд. Шу сабабли юқорида қайд этилган ҳолатлар кутилмаган пайтда қайтарилиши ва бундан ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик лозим. Шоли экиладиган майдонлар аҳоли яшаш пунктларидан камида уч километр узоқликда бўлишлиги мамлакатимизда жорий қилингин.
Кейинги вақтда юртимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли туманимиз фуқароларининг ҳам саёҳат, тижорат ва хизмат сафарлари билан Хитой, Малайзия, Туркия ва бошқа безгак касаллигига хавфли бўлган эндемик давлатларга бориб келаётганликларини кузатиш мумкин. Мигрантларимиз ҳам безгак касаллигини ташиб келтириш хавфини туғдиради. Шунинг учун улар четдан келган илк кунларидаёқ медицина шаҳобчаларига бориб, диспансер назорати рўйхатига олинишлари ва қон анализлари топширишлари зарур бўлади. Уларни ўз вақтида лаборатория таҳлилларидан ўтишларига даъват этиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ҳисобланади.
Усмонали ТОШПЎЛАТОВ,
Риштон туман ДСЭНМ
паразитар касалликлар бўлими мудири, олий тоифали шифокор.
Шахноза АҲМАДЖОНОВА, бўлим энтомологи.