Бош саҳифа > Тиббиёт > ЯПОН  МАКТАБИНИНГ  ШУҲРАТИ

ЯПОН  МАКТАБИНИНГ  ШУҲРАТИ

 “Риштон-Япония” маданий иқтисодий алоқалар маркази қошида ташкил этилган япон тилини ўқитиш мактаби 19 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Мактабда нафақат вилоятимизнинг Риштон, Олтиариқ, Бағдод туманлари, шунингдек қўшни Андижон ва Наманган ҳамда олис Қашқадарё вилоятларидан ҳам келиб ўқиган 160 нафардан зиёд йигит-қизлар Япониянинг кўплаб олий ўқув юртларида таълим олишиб, айни кунларда мутахассис сифатида ўша мамлакатдаги йирик фирма ва компанияларда ишлаётган бўлишса, кўпчилиги билим ва малакаларини оширмоқда.

Бугунги кунда мактабда 6 та гуруҳда 50 нафардан зиёд йигит-қизлар япон тилини ўрганишяпти. Мактабнинг яна бир эътиборли томони шундаки, бу ерда ёшларга нафақат япон тили, маданияти, балки тарихи ҳам ўргатилади. Японлар қайсидир маънода бизнинг халқимизга ўхшаб кетади. Уларнинг турмуши,  тутумлари, оиладаги саранжом-саришталик, ота-онани ҳурмат қилиш, ўзаро муомала маданияти – ҳаммаси ўхшаш. Мактабда қатъий ўқитиш режаси йўқ. Лекин япон тилини ўрганишга қизиқувчи ёшлар келиб, кўпроқ ўзаро ва ёки ўқитувчи билан эркин мулоқотда бўлишади.

Марказ ташкил топганидан буён ўтган вақт ичида икки давлат ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқалар ривожлантириб бориляпти. Натижада кейинги йилларда мингдан ортиқ кунчиқар мамлакат фуқаролари ушбу марказ ҳамда япон тилини ўқитиш мактаби билан танишиш мақсадида ташриф буюришди. Шу билан бирга сайёҳлар туманда ижод қилаётган уста кулоллар томонидан ишлаб чиқарилаётган, санъат даражасидаги маҳсулотлар ва яратилиш жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Эътиборлиси, сайёҳларнинг кулолчилик маҳсулотларини харид қилишлари баробарида бундай ҳолатларни мамлакатимизда туризмни ривожлантириш сари қилинаётган саъйи ҳаракатларнинг натижаси, дейиш мумкин.

Мактабда япониялик ўқитувчилар ёшларга япон тилини беғараз ўргатишади. Иқтидорли ва билимли ёшлар бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, қатор ютуқларни қўлга киритиб, Республикамиз довруғини дунёга ёймоқдалар. Ана шундай фидойиликларнинг бошида турган марказ раҳбари Ғанишер Назировнинг меҳнати юксак қадрланиб, давлатимиз томонидан эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Шу йилнинг июнь ойида Ғанишер Назиров Японияда ўтказилган икки мамлакат ўртасида дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга бағишланган Халқаро форумда иштирок этди. Форумда расмийлар билан қилинган мулоқотлар давомида Япониянинг дунёда тинчлик ва соғлиқни тарғиб қилувчи PHD Халқаро ташкилот раҳбарлари билан ҳам танишиб, мулоқот олиб борди. Мезбонлар Риштондаги “Риштон-Япония” маданий иқтисодий алоқалар маркази ҳамда унинг қошида фаолият юритиб келаётган япон тилини ўқитиш мактабига қизиқиш билдирдилар ва батафсил маълумотларга эга бўлишди. Шундан сўнг ушбу Халқаро ташкилот вакиллари Ўзбекистонга, айнан Риштонга келиб марказ фаолияти билан танишиш, мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналарини бепул тиббий кўрикдан ўтказишни билдиришган эди.

Яқинда ана шу аҳдлашувга кўра, ташкилотнинг умумий касалликлар бўйича тажрибали шифокори Akio Kitano бошлиқ олти кишидан иборат бир гуруҳ мутахассислар Риштонга келишди. Мазкур ташкилот дунёда қийналаётган ёки энди ташкил этилган давлатларга беғараз ёрдам берди.

Япониялик шифокорлар бир ҳафта давомида Риштонда бўлишиб, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини тиббиётнинг энг сўнгги аппаратуралари ёрдамида бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, керакли муолажаларни амалга оширишди, дори-дармонлар билан таъминлаб, зарур муолажаларга тавсия бердилар.

Маълумот ўрнида: Япониялик тиббиёт мутахассисларининг Ўзбекистонга келиб-кетиш йўл харажатлари, озиқ-овқати ва бошқа масалалари, шунингдек, таржимонларга ҳақ тўлаш Япония ҳукумати томонидан амалга оширилган.

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ,

журналист.