Бош саҳифа > Маданият > “27 сентябрь – Халқаро туризм куни”га бағишланади

“27 сентябрь – Халқаро туризм куни”га бағишланади

САЙЁҲЛИК ЖАННАТИ

Ўрта Ер денгизи (туркчада Оқдениз) соҳилларида жойлашган Анталия шаҳрини Туркиянинг туристик пойтахти, дейдилар. Шаҳар номи милоддан аввалги 158-138 йилларда Пергам қироли бўлган Аттал билан боғлиқ. Асрлар оша турли империя ва салтанатларга тобе бўлган кентда кўплаб маданиятларнинг изларини кўриш мумкин. Қадимий археологик ёдгорликлар, тарихий воқеалар бўлиб ўтган манзилгоҳлар , кўҳна шаҳар харобалари дунё сайёҳлари эътиборини жалб қилади.
Қалъа ичи қўрғонини айланиб юриб тор жинкўчалар, эски синчли уйлар, баланд тош деворларни кўрасиз. Милодий 130 йили Анталияга келган Румо императори Адриан шарафига уч пештоқли дарвозалар қурилган. Дарвоза миноралари ҳозиргача сақланиб қолганини кўриб тарих билан юзма-юз келгандай бўласиз. Хизрли минораси минг йил аввалги воқеаларга гувоҳ бўлган.
Бундан 800 йил муқаддам салжуқий султон Алоуддин Қайқубод қурдирган Йивли масжидининг минораси Анталиянинг рамзи, яъни логотипига айланган. Қоратой мадрасасига кириб тош ўймакорлик намуналарини кўрасиз. Мурод Пошо, Такали Маҳмад пошо, булоқ бўйидаги Искала масжидлари бир-биридан гўзал меъморий обидалардир.
Анталияда “така” сўзини кўп эшитдик. Маълум бўлишича, бу вилоят авваллари Така номи билан юритилган экан. Узоқ ўтмишда насроний ибодатхонаси бўлган бино кейинчалик Кесик минора масжидига айлантирилган.
Камар курортини кўрмабсиз, оламга келмабсиз. Бу ердаги Қўнёалти пляжлари Blue Flag (Мовий байроқ) халқаро мукофотига сазовор бўлган. Тахтали (қадимги номи Олимпос) тоғига осма эскалаторда чиқиб, атрофдаги гўзалликларни томоша қиласиз. Ҳамма ёқда олеандр, эвкалипт, писта, дафна, қарағай дарахтлари ўсган.
Қадимги Ликия даври ёдгорликлари бўлмиш Ксантос ва Летоон шаҳарлари харобалари ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўхатига киритилган. Серик-Белек даҳасидаги Аспендос антик театрида ўтказиладиган шоулар, ўрмон қўйнидаги гольф майдонлари, Олтинбешик ва Зайтунтош ғори миллий боғлари, Қуршунли ва Дудан шаршараларини томоша қилган кишининг умрига умр қўшилади, деяверинг. Биз уч юлдузли “Аdora Hotel” меҳмонхонасида уч кун қолиб, юқоридаги жойларни айландик.
Анталияда халқаро фольклор ва қумҳайкал ясаш фестиваллари ўтадиган кунлар жуда завқли кечади. Демре туманидаги Авлиё Николас (туркчада Ноэл бобо) ва болалар ҳайкали, Сиде шаҳарчасидаги малика Клеопатра кулбаси, қоя-мозорлар, оқ ва сариқ қумли соҳиллар хотирангизда узоқ сақланиб қолади.

Толиб НОСИР