Бош саҳифа > Ўқитувчилар минбари > НАЗМ ЎҚИТИНГ, УСТОЗЛАР!

НАЗМ ЎҚИТИНГ, УСТОЗЛАР!

Мир Алишер болалик кунларида қандай билим олган, қайси китобларни ўқиган? Маълум бўлишича, у бошланғич мактабда аввало шеърий асарларни ёд олган экан. Бу ҳақда нуроний шоир ўз умри охирида қаламга олган “Лисон ут-тайр” достонидан билиб оламиз:

Истабон ташхиси хотир устод,

Назм ўқутурким, равон бўлсун савод.

Насрдин ҳам баъзи ўқур достон,

Бу “Гулистон” янглиғу у “Бўстон”.

Яъни устозлар боланинг саводи равону мукаммал, хотираси кучли бўлиши учун шеърий достонларни ёд олдирган. Жумладан, Шайх Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” достонларини бошдан оёқ ёдлаш керак бўлган.

Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшга ўхшайди,  деган нақлга ишонсак, Алишербек умрининг тонгидаёқ Саъдий ва Фаридиддин Аттор достонларини хотирасига жойлаб олган экан.

Демак, болаликда ўрганган шеъру достонлари Навоийнинг буюк шоир, комил инсон бўлишига замин тайёрлаган. Хаёлот ва тафаккур олами, теран заковат, ҳассос руҳ, эҳтиросли қалб, жўшқин илҳом эгаси бўлмоқ учун адабиёт, хусусан шеъриятга ошно бўлиш талаб қилинади.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов болалик пайтида Пушкин, Фузулий, Навоийнинг кўпгина шеърларини ёд билган.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо болалигида Сергей Есениннинг Эркин Воҳидов таржима қилган “Замин дарғаси” номли шеърлар китобини ёдлаб олгани унинг кейинги ижодий қадамлари учун жуда фойдали бўлган.

Ёзганларимизга хулоса қилсак, ўқувчилар хотирасини кучайтириш, саводини мукаммал қилиш учун ўғил-қизларимизга кўпроқ шеър ёдлатишимиз зарур экан. Алишер Навоий тили билан айтганда, “назм ўқитинг, устозлар!”

Толиб НОСИР.