Бош саҳифа > Ўқитувчилар минбари > БОЛАЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ

БОЛАЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ

Боғча – мактаб ёшигача бўлган болаларни тарбияловчи маскан бўлиб, таълимнинг дастлабки бўғини сифатида кичкинтойларнинг маънан етук, жисмонан бақувват, руҳан баркамол инсон бўлиб вояга етишларида мазкур муассасанинг ўрни ва аҳамияти катта.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дастлабки боғчалар аёлларнинг жамият ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишига ёрдам бўлиши учун ташкил қилинган. “Даҳбед” маҳалласида фаолият кўрсатаётган 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ана шундай масканлардан саналади.

Бугунги кунда ота-оналарнинг талаб ва истаклари билан ушбу масканда 140 нафар болажонлар тарбияланиб келинмоқда. 6 та гуруҳга ажратилган тарбияланувчилар билан 20 нафар тарбиячилар шуғулланишади.

Боғчада кичкинтойлар ўзларини эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этадилар. Ўқув-машғулот хоналарида рус ва инглиз тили, мусиқа тўгараклари ташкил қилингани маҳалла фуқароларини мамнун қилиб келмоқда.

Саида Абдуллаева – давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси: – Муассасамизда болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Тарбячиларимиз ўз ишининг усталари. Бизда ҳар бир болага алоҳида шахс деб қаралиб, характери ўрганилади. Энг муҳими, улар билан алоҳида-алоҳида иш олиб борилади.

Бола тарбиясида олти ёшгача бўлган давр муҳим. Бу эса биз каби мактабгача таълим муассасалари ходимларига катта масъулият юклайди. Кичкинтойлар ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишишлари учун бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз.

Кумушхон Баҳодирова – таълим муассасаси тарбияланувчиси: – Менга боғчадаги ҳамма нарса ёқади. Айниқса, ёзда бассейнда мазза қилиб сузамиз, ўйнаймиз. Ҳозир хонамизда ёзиш, чизиш машғулотлари ўтилади. Боғча опаларимиз турли нарсаларни чизишни ўргатишган. Мен саватчадаги нонларни чизишни яхши кўраман. Махсуда опам менга жуда меҳрибон.

Махсуда Тоштемирова – таълим муассасаси тарбиячиси: – Уйда катта бўлган бола билан боғча тарбия- сини олган бола ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Кичкинтой боғчада таълим-тарбия олибгина қолмай, тенгдошлари билан муомала-муносабатини, кўпчилик олдида ўзини тутишни ўрганади. Руҳан кучли, иродали ва ҳар томонлама қобилиятли бўлиб ўсади.

Риштон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.