“ЯХШИЛАРГА ГУЛ ТУТИНГ”
Ёру ахёра гулу, ағёра тош сотмоқ ишим,
Муҳаббат бирла ғазаб бозорин икки билмишим.
Шоир Мунтазир Андижонийнинг шу байтини академик Ғафур Ғулом доим айтиб юрар экан. Бу ҳақда унинг “Ҳожибобойи гулфуруш” номли ҳикоясидан билиб оламиз.
Бу воқеа шоирнинг ёшлигида бўлган. Ғафур ака йўлда кетаётса бир оппоқ соқолли чол унга гул совға қилибди. Отахон берган гуллари учун ҳеч кимдан пул олмас экан. Бу оқкўнгил чол шоирга ёқиб қолибди. Икковлари роса чақчақлашибди. Шоир хайрлашиш вақтида юқоридаги байтни айтиб берибди.
Китобларда ёмонлик қилганга ҳам яхшилик билан жавоб қайтариш керак, бу мардлар иши дейилган. Кундалик ҳаётимизда бошқаларга холис яхшилик қилувчи кишиларни кўриб ҳайратга тушамиз.
Шифокорларни мана шундай халоскор, меҳр-мурувватли зотлар деб ўйлайман. Қўлида олмос тиғ, қалбида меҳр қуёши порлаган кишиларни кўриб, “ота-онангизга минг раҳмат, яхшилар!” дегим келади. Тақдир шундай олижаноб инсонларга учратганига шукур қиламан. Жарроҳ Ҳибатулло Саидов, Абдуқаҳҳор Олимбобоев, кардиолог Жалолиддин Саидов, Жаҳонгир Абдуллаевлар ширин сўзи билан ҳам бемор дардига дармон бўлмоқдалар. Уларга таъзим қилар эканман, холисанлилло қилган меҳнатингизга рози бўлинг, умрингиздан барака топинг, деб қоламан.
Султонбой ЭСОНБОЙ ўғли.