Риштон туманидаги Маданият марказида Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Турон” мактаб театри танловининг маҳаллий босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Баҳодир Холиқов ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Шавкатжон Мадаминовлар иштирок этиб, танлов қатнашчиларга муваффақият тилашди.
Ўқувчилар ўртасида театр санъатини кенг тарғиб қилиш, уларда нотиқлик маҳорати ва саҳна маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларидаги ўқувчилар театр студиялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган танловнинг туман босқичида 7-10-синф ўқувчиларидан иборат 10 та жамоа иштирок этди.
Танлов низомига кўра, иштирокчилар “Бизнинг мактаб”, “Маданият ва санъат билимдони” ҳамда “Театр – ибратхона” шартлари бўйича беллашиб, ўз истеъдодларини намоён этишди.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дилором Садинова,
Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети
Халқаро журналистика факультети 4-курс талабаси.