Бош саҳифа > Без рубрики > МИР АЛИШЕР ТАЪРИФИДА

МИР АЛИШЕР ТАЪРИФИДА

Олим Халил Жуброн: “Шоир тилнинг ҳам отаси, ҳам онаси, тил унга бўйсунади, унинг ортидан эргашади, у тўхтаса тўхтайди”, деган экан.
Мир Алишер Навоийнинг она тилида “Хамса” достонлар туркумини яратиши буюк аллома Абдураҳмон Жомийнинг ҳайрат ва эътирофига сазовор бўлди. Ҳазрат ўз дўстининг салоҳиятига табриклар ёғдириб, “Хирадномаи Искандарий” достонида шундай таърифнома ёзган эди:

Ба турки забон нақше омад ажаб,
Ки жодудамонро бувад мўҳри лаб.

Зи чарх офаринҳо бар он килк бод,
Ки ин нақши матбўъ аз он килк зод…

Яъни
Турк тили яхши нақш – куй топиб,
Қолди соҳирнафаслар оғзин ёпиб.

Таҳсин ила қилди фалак кўп салом,
Сочди дея Мир қалами сир калом.

Этсин афв форсий денгиз хослари,
Дарий дурин тергали ғаввослари.

Сурса қалам дарийда ул лафзи бол,
Қолмас эди аларда ҳолу мажол.

Солса тарозуга назм қандини,
Ким сўрар Низомий, Хисрав пандини?

Этса кўз-кўз ўзга тил сўз дурларин,
Шарҳ этолмам фарқига етмай барин.

Очиб табъинг устоди сўз мактаби,
Тегди қалам найингга илҳом лаби.

Сўз чечаги тўхтаб ўсишдан, қотиб,
Қолгач тубанлик балчиғига ботиб,

Кўтардинг тилинг шараф осмонига,
Кириб арслондек сўз майдонига.

Жомий “ Юсуф ва Зулайхо” достонида ҳам Навоийнинг она Ватан ва туркий тил олдидаги хизматларини кўкларга кўтариб мадҳ этади:

Муборак бўлғай, эй хоқону аъён,
Ҳайбатда шерсизу савлатда арслон.

Хусусан ул йигит мозий маҳалдан,
Отидек шер ўғли шер бас масалдан.

Талаб майдонида ғолиб, улус дер:
Жаҳон эрларидан, оти икки шер.

Бири даврон саройин ерга йиққан,
Қулон овлаб бири кўп оти чиққан.

Чиқардим от муаммодан очиб кўз,
Авом кўрмас бу отни англамай сўз.

Яширгач юз қути пок, қутлуғ инжу,
Бошимдан учди ҳуш: ҳурми ё инс у?

Табъи ёриб қилни, туртиб нуқийди,
Қалам тўқаси қилдан шеър тўқийди.

У мушкин тола кўнгил боғ, тузоғи,
Ширин шеъри татийди ҳолва ёғи.

Овлаб ошиқ, дил қушин бовлаб олди,
Маъшуқ лаб-лунжига қанд ханда солди.

Нур тушиш тўхтаб, ёғин тинган мисол,
Уни ёд этиб, битди ёруғ хаёл.

Кўп ишга бўлди омил, комил одам,
Топилгай оз бу йўлда сирга маҳрам.

Айланиб ер, токи айлар ризқ ато,
Лаимлар феъли мудом кайфу сафо.

Умид узмай сиғинса ким Худога,
Кўнгилни боғламас моддий атога.

Дуо-салом каломин айлаб тугал,
Узрга очгай тилин Жомий бу гал.

Жомий “Лайли ва Мажнун” достони, “Баҳористон”, “Субҳат ул-аброр”(Яхшилар тасбеҳи) ва бошқа асарларида ҳам Навоий ижодига юксак баҳо берган. Ул зот қадрдон дўстининг она тилига ҳурмат кўрсатиб, тожикча-ўзбекча муламмаъ ҳам ёзган.

Толиб Носир,
таржимон.