Бош саҳифа > Без рубрики > Суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатлари тушунчаси ва унинг ҳуқуқий табиати

Суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатлари тушунчаси ва унинг ҳуқуқий табиати

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 130-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритиши; 136-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Таъкидлаш лозимки, инсоннинг энг олий қадриятларини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини Конституцияда мустаҳкамланиши ва ушбу ҳуқуқларни давлат ва унинг мустақил тармоғи бўлган суд ҳокимияти орқали ҳимоя қилиниши давлатнинг демократик тамойииллар асосида ривожланаётганидан далолат беради. Суд ҳокимиятининг давлат ҳокимияти бошқа тармоқларидан ажратилиши, унинг мустақиллиги ва дахлсизлиги каби хусусиятлари билан ифодаланадики, суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бир тармоғи бўлсада, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат
ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларда ҳакамлик қилиш имкониятини беради. Суднинг бундай вазифаси маълум даражада – давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, адолат
ва қонунийлик кафолати сифатида намоён бўлади. Шунинг учун ҳар қандай демократик давлатда суд тизимининг мустақиллиги ва дахлсизлиги муҳим аҳамият касб этган масалалардан бири бўлиб қолади.

Суд ҳокимияти давлатнинг ҳар қандай субъектлари (юридик
ва жисмоний шахслар, ташкилот, муассаса ва ҳ.к.) ўртасидаги низоларни ҳал қилиш воситаси бўлган назорат ва мувозанат тизимининг бир қисмидир. Мазкур функцияларни таъминлашда суд мустақил ва дахлсиз бўлиши лозим. Албатта, суд ҳокимияти мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича  мамлакатимизда кўплаб ишлар амалга оширилди ва бу ҳозирги кунда ҳам жадал давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Судья – бу адолат посбони. Шунинг учун ҳам судьялар томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг қонуний ва адолатли бўлиши ҳақида чуқур ўйлашимиз зарур. Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини сўзсиз таъминлаш лозим”.

Суд ҳокимияти мустақиллиги принципини тўлиқ амалга оширишнинг зарурий шарти, унинг алоҳида белгилари эмас, балки тўлиқ мустақиллиги назарда тутилиши лозим. Бунда давлат томонидан қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ваколатларининг алоҳида-алоҳида ажратилиши тушунилади. Ваколатларни ажратиш назариясининг моҳияти бутун ҳокимият битта давлат органи ёки мансабдор шахс қўлида тўпланишининг олдини олишдир.

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашда суд ҳокимиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўрнатиш ва такомиллаштириш, бунда энг аввало, суд ҳокимияти тармоғининг бошқа ҳокимият тармоқларидан, судьяларнинг эса низоларни кўриб чиқиб ҳал қилишда ҳар қандай шахслар, биринчи навбатда, бошқа ҳокимият тармоқларида фаолият олиб борувчи мансабдор шахсларнинг аралашувидан мустақил бўлишларини кафолатлари таъминланиши лозим.

Юридик фанлари доктори Д.Ариповнинг фикрича, суд ҳокимияти мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари деганда конституция, қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатларида белгиланган судларни шакллантириш
ва улар фаолиятини ташкил этишда улар мустақиллигини таъминловчи нормалар тушунилади.

Суд ҳокимияти мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатларини уларнинг мазмуни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг турига кўра моддий, ташкилий ва процессуал турларга ажратиш мумкин.

Судлар мустақиллигининг моддий кафолатларига судьяларни давлат ҳисобидан уларнинг юксак мақомига мос келадиган моддий ва ижтимоий жиҳатдан таъминлаш тушунилиб, суд корпуси аъзолари учун муносиб моддий таъминот судьялар фаолиятига тааллуқли бошқа кафолатлар билан биргаликда судьяларнинг мустақиллиги тамойилини таъминлашнинг муҳим элементи сифатида намоён бўлади.

Суд органлари давлат бюджетидан молиялаштирилиши тўғридан-тўғри Конституцияда кўрсатиб ўтилган ягона орган бўлиб, мазкур ҳолат одил судловни тўлиқ, мустақил ва холис бўлиш имкониятини кафолатлайди.

Судлар мустақиллигининг процессуал кафолатларига турли тоифадаги ишлар бўйича одил судловни амалга оширишни тартибга солувчи процессуал нормаларда акс эттирилган кафолатлар киради.

Ўз набатида судлар мустақиллигини процессуал кафолатлари қуйидагиларга бўлиниши мумкин:

  • одил судловни амалга оширишнинг ҳақиқий процессуал шакли;
  • судья маслаҳатининг махфийлиги;
  • иш бўйича қарор қабул қилишда судьяларнинг овоз бериш тартиби.

Фуқаролик ишларида одил судловни амалга ошириш тўғрисидаги процессуал нормалар нафақат қонуний қарорларни қабул қилиш тартибини сақлашга, балки суднинг мутлақ мустақиллиги шароитида ўрнатилиши мумкин бўлган самарали адолатни таъминлашга қаратилган. Судьялар мустақиллигининг процессуал ва ҳуқуқий кафолатлари тоифаси кўп функцияли ҳисобланиб, суд ҳокимиятини бевосита амалга оширишда судьянинг конституциявий мақомини тартибга солишга мўлжалланган.

Қайд этиш лозимки, аксарият ҳолларда суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатлари судьяларнинг мустақиллиги кафолатларидан ажратилмайди ва фарқланмайди. Жумладан, бир гуруҳ олимларнинг фикрича, суд ҳокимияти мустақиллиги давлат ҳокимияти органлари
ва мансабдор шахсларнинг, оммавий ахборот воситаларининг таъсири
ва фикридан мустақиллигини, дастлабки тергов ва суриштирувнинг хулосаларидан, прокурор ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрларидан мустақиллигини, муайян ишни кўраётган судлов таркибидаги судьянинг бошқа судьяларнинг фикридан мустақиллигини, далилларни мустақил ўрганиш ва ўзининг алоҳида фикрини билдириш имкониятини, юқори инстанция судидан мустақиллигини билдиради.

Назаримизда мазкур ёндашув нисбатан нотўғри, чунки суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллиги тушунчалари бир-биридан фарқли тушунчалар бўлгани каби, улар мустақиллигини таъминловчи омиллар ҳам фарқланади. Бундан ташқари, суд ҳокимияти мустақиллиги тушунчаси судьялар мустақиллигига нисбатан кенг қамровли ҳисобланади, зеро судьяларнинг мустақиллиги фақат мустақил суд ҳокимиятидагина таъминланиши мумкин. Шундай экан, суд ҳокимияти мустақиллиги (институционал мустақиллик)ни судьялар мустақиллиги (шахсий мустақиллик)дан фарқлаш, улар мустақиллигини таъминловчи ҳуқуқий асосларни алоҳида тадқиқ этиш талаб этилади. Зеро, қонунчиликда суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллиги асослари махсус моддаларда белгиланмаган бўлсада, алоҳида нормаларда назарда тутилган.

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминловчи махсус ҳуқуқий асос – бу Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни бўлиб, унда судларнинг тузилиши, фаолият йўналишлари, ваколатлари ва мустақил-лигини таъминловчи нормалар акс этган. Қонунда суд ҳокимияти мустақиллигига оид бир қанча нормалар белгиланган бўлсада, бироқ мустақиллик кафолатлари тизими алоҳида моддада белгиланмаган. Жумладан, Қонуннинг 9-моддаси (Судьялар мустақиллиги) фақат судьялар мустақиллигига бағишланган бўлса, 1-моддаси (Суд ҳокимияти)да суд ҳокимияти мустақиллигига оид айрим нормалар белгиланган.

Ваҳоланки, қатор хорижий давлатлар қонунчилигида суд ҳокимияти
ва судьялар мустақиллиги кафолатлари алоҳида моддаларда белгиланган.

Жумладан, Литва Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддаси “Судлар мустақиллиги”, 3-моддаси “Судьялар мустақиллиги” деб номланади. Украинанинг “Суд тузилиши ва судьялар мақоми тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида судлар мустақиллигини таъминловчи қуйидаги кафолатлар белгиланган: судларнинг ҳар қандай ноқонуний таъсирдан холи бўлган ҳолда фақат қонун устуворлиги асосида фаолият юритиши; одил судловни амалга оширишга аралашиш, судга таъсир ўтказиш ёки ҳурматсизлик қилиш, суд қарорларини бажармасликка чақирганлик учун жавобгарлик; давлат ва маҳаллий органлар, улар мансабдор шахсларининг суд ҳокимияти мустақиллигига путур етказиши мумкин бўлган арзлар ва ҳаракатлар қилишдан тийилишининг мажбурийлиги; судьяларнинг профессионал манфаатлари ва судлар фаолиятининг ички масалаларини ҳал қилувчи судьялар ҳамжамиятининг фаолият юритиши.

Юқорида қайд этилганларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунида суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллиги кафолатларини алоҳида моддаларда белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминловчи қуйидаги кафолатлар белгиланган:

биринчидан, суд ҳокимиятининг фақат судлар томонидан амалга оширилиши (1-модда). Бу норма суд ҳокимиятининг ваколатлари алоҳида ажратилиб, бошқа ҳокимиятлар томонидан ушбу ваколатларнинг амалга оширилишини истисно этади. Ўхшаш норма Украинанинг “Суд тузилиши
ва судьялар мақоми тўғрисида”ги Қонунида белгиланиб, унга мувофиқ Украинада одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилади. Судларнинг функцияларини бошқа органга ўтказиш, уларнинг бошқа органлар ёки мансабдор шахслар томонидан ўзлаштириб олиниши тақиқланади ва қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади;

иккинчидан, Қонуннинг 2-моддасида суд тизими алоҳида белгиланган бўлиб, ушбу норма мамлакатимизда одил судлов фақат ушбу судлар томонидан амалга оширилишини кафолатлайди. Бу эса ўз навбатида фавқулодда судларнинг, судловни амалга оширувчи бошқа тузилмаларнинг ташкил этилишини истисно этади;

учинчидан, судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш судьялар ҳамжамияти томонидан амалга оширилиши. “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, судьялар корпусини шакллантириш Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади;

тўртинчидан, суд органлари умуммажбурий характерга эга бўлган ҳужжатлар қабул қилиши (10-модда). Суд ҳужжатлари бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан адлия органларида рўйхатга олинмаслиги, аниқ суд иши доирасида маълум шахсларга нисбатан ҳуқуқни қўллаш орқали одил судловни амалга ошириш натижасида чиқарилиши билан фарқ қилади. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги деганда давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар
ўз фаолиятларида суд қарори билан ҳисоблашишга мажбурлиги, уни бекор қилишга ва ўзгартиришга, янги қарор қабул қилишга ҳақли эмаслиги, сўзсиз ижро қилишга мажбурлиги тушунилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги субъектига кўра институционал ва индивидуал турлари фарқланади. Институционал мустақиллик суд ҳокимиятининг энг аввало қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятидан мустақиллиги ва суд ҳокимияти доирасидаги суд органларининг ўзаро бир-биридан мустақиллигини англатади. Бунда суд ҳокимиятининг институционал мустақиллиги қуйидаги белгилар билан характерланади:

суд ҳокимиятининг яхлит тарзда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан мустақиллиги;

суд ҳокимиятининг давлат ҳокимияти тармоқларининг бирортасига мансуб бўлмаган, бироқ ҳозирда алоҳида мақомга эга бўлган давлат органларидан мустақиллиги;

суд ҳокимиятининг фуқаролик жамиятининг ҳар қандай институтларидан мустақиллиги.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 130-моддасида назарда тутилган нормалар суд ҳокимиятининг айни инстуционал мустақиллигига мос келади. Бу нормада институционал мустақилликнинг юқоридаги келтирилган барча белгилари қамраб олинмаган. Улардан суд ҳокимиятининг яхлит тарзда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан мустақиллиги ва суд ҳокимиятининг фуқаролик жамиятининг ҳар қандай институтларидан мустақиллиги каби белгилари кўзга ташланади.

Институционал суд мустақиллиги бошқа давлат органлари суд тизимига ҳеч қандай йўл билан аралашмаслиги кераклигини англатади. Бу фақат ҳокимиятларнинг бўлиниш даражасига асосланмасдан бугунги кунда алоҳида мақомга эга бўлган давлат органлари сифатида талқин этиб келинаётган органларни ҳам ўз ичига олади.

Суд ҳокимиятининг индивидуал мустақиллиги судьяларнинг бошқа давлат ва нодавлат тузилмалар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан, оддий фуқаролар ва хаттоки, бир суд доирасидаги судьялар ёки юқори инстанция судьяларидан мустақиллигини англатади.

Суд ҳокимиятининг индивидуал мустақиллиги қуйидаги белгилар билан характерланади:

  • судьяларнинг республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахсларидан мустақиллиги;
  • судьяларнинг суд раисларидан мустақиллиги;
  • судьяларнинг юқори турувчи суд судьяларидан мустақиллиги;
  • суд ҳайъатларида судьянинг бошқа судьялардан мустақиллиги;
  • судьяларнинг бошқа ҳар қандай фуқаролардан мустақиллиги.

“Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар” жумласи билан шундай маъно англашиладики, одил судловни амалга оширувчи судья юқорида келтирилган суд ҳокимияти индивидуал мустақиллигининг белгиларида келтирилган барча субъектлар − республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари, суд раислари, юқори турувчи суд судьялари, судлов ҳайъатидаги бошқа судьялар, фуқаролар ва юридик шахслардан мустақилдир ва шунинг учун бундай субъектлар томонидан судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишлари мумкин эмас.

Бизнинг фикримизча, суд ҳокимияти мустақиллигида у ёки бу маънода ташқи таъсирга учраши мумкин бўлган учта ҳолат мавжуд:

  • жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги низолар;
  • давлат органлари ўртасидаги низолар;
  • хусусий шахслар ва давлат органлари ўртасидаги низолар.

Биринчи ҳолатда суд пора ёки қўрқитиш каби турли йўллар билан
ўз мустақиллигини бузишга уриниши мумкин бўлган томонлардан мустақил бўлишга интилиши керак. Бундай вазиятда ҳукумат суд ҳокимияти мустақиллигининг тўлиқ ҳимоясида бўлиб, ҳукумат суд мустақиллигини томонларнинг таъсиридан ҳимоя қилади.

Иккинчи ҳолатда суд мустақиллиги анча истиқболли. Суд икки таъсир кучига эга бўлган субъектлар ўртасидаги муносабатларни холисона ҳал қилади. Суд қайси томонни фойдасига қарор чиқаришидан қатъий назар, натижа икки томоннинг бир томонга қарши динамик ҳолати бўлади, бу суд ҳокимиятини маълум даражада ҳимоя қилади. Ҳукумат бундай ҳолларда суд тизимининг мустақиллигига жиддий таҳдид солмайди, чунки давлатнинг икки субъекти бир-бири билан низолашмоқда.

Учинчи ҳолатда ҳукумат суд тизимининг мустақиллигига кучли босим қилади, мазкур босимга қарши турувчи куч сифатида жамоатчилик чиқиши мумкин. Масалан, солиқларни асоссиз ошириш. Бунда суднинг ҳукуматдан мустақиллиги таҳдиди юзага келади, суднинг мазкур таҳдидга қарши туриш қобилияти, жамоатчилик томонидан қўллаб қувватланиши билан боғлиқ бўлади. Суд ҳукумат ёки жамоатчилик тарафида бўлар экан, унинг мустақиллиги доимий ҳимояда бўлади. Уларнинг ҳар қайсиси судга бошқасининг босимларига қарши туриш учун зарур бўлган қўллаб-қувватлашни тақдим эта олиши керак.

Фикримизча, мустақил суд ҳокимиятининг том маъноси ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқлари суд тизимининг жамият ва давлат томонидан унга ишониб топширилган ишларни кўришда ҳамда адолатни қарор топтиришда аралашмасликларини англатади. Бунга эришиш учун суд ҳокимияти ҳар қандай таъсирлар ва кимларнингдир манфаатдорлигидан озод бўлиши ва мазкур субъектлар манфатида ҳаракат қилмаслиги шарт.

Демак, юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, мустақил суд тизимидаги судьялар ўзларига берилган ваколатлардан ҳеч қандай таъсир, босим ва қўрқувсиз фойдаланиш эркинлигига эга бўлишлари керак. Фақатгина холис судьялар суд тизимининг мустақиллигини таъминлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди ва судларнинг адолатли ва холис тизими шаклланиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

МЎМИНЖОН УМАРОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси