Бош саҳифа > Без рубрики > СУБСИДИЯ ЎЗИ НИМА ВА КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

СУБСИДИЯ ЎЗИ НИМА ВА КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Субсидиялар — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағлар.
Бошланғич бадал — бу бирламчи бозордаги (яъни, янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар. Сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — қатъий белгиланган 32 миллион сўмни ташкил қилади.
Субсидия, шунингдек ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилади.
Бунда сотиб олинадиган квартира жойлашувидан қатъи назар биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;

Фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилди;
Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади.
Субсидия олиш учун аризани Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.
Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлганда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.
Субсидиялар фақатгина ариза берувчининг рўйхатдан ўтган ҳудуди бўйича берилади.

Риштон тумани Адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсулти

Алибоев Дониёржон Рустамжонович.