Бугун анчадан бери 33-ўрта умумтаълим мактаби раҳбарияти ва ижодий-маданий ишлар тарғиботчиси билан режалаштириб юрган ишларимиздан бири амалга ошди. Мен шу мактаб таклифига биноан адабиёт мухлислари, китобсевар ёшлар билан учрашгани бордим. Мени ўқувчилар гуллар билан кутиб олди. Учрашувда Тошкентда янги босмадан чиққан “Кўприк ёхуд Гитлерни чўчитган ўзбек” номли романим тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирни мактаб раҳбари очгач, бугунги учрашувдан кўзда тутилган мақсад ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Ижодий-маданий ишлар тарғиботчиси Умринисо Абдувоҳидова даврани олиб борди. Китоб тўғрисида қизғин мунозара бошланди.
Ҳайрон қоларлиси бу асарни мактаб ўқувчиларининг кўпи тўла ўқиб чиқишгани ва таассротли жойларини онгларига сингдирганлари эди. Айни кунларда Амиробод қишлоғининг катта ёшдаги аҳолиси мактаб кутубхонасидан бу китобни олиб ўқиётганини айтишди.
Менга сўз беришганида муаллиф сифатида романнинг ёзилиш тарихи, сюжети, мазмун-моҳияти, аҳамияти тўғрисида атрофлича гапириб беришга ҳаракат қилдим. Шоира Бону, 62-мактаб ижодий-маданий ишлар тарғиботчиси Асқарали Турсунов ва яна бир неча ўқитувчи, кутубхоначи сўз олиб асар ҳақида ўз мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.
Савол-жавоблар бўлди. Асар қурилиши юзасидан туғилган саволларга тўла жавоблар қайтардим.
Тақдимот маросимида кўзга кўринган ёзувчи ва шоирлар билан бундай учрашувларни, китоб тақдимоти маросимларини тез-тез ўтказиб туриш фойдадан ҳоли бўлмаслиги таъкидланди.
Тадбир охирида ўқувчилар итимосига мувофиқ улар билан эсдалик суратига тушдик.
Умуман олганда учрашувимиз мароқли ва эсда қоларли бўлди.
Ҳамид БУРҲОН,
Риштон туманидаги 34-ўрта умумтаълим мактаби ижодий-маданий ишлар тарғиботчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи.