Ҳеч қайси соҳа мамлакатни спорт каби дунёга тез танита олмайди. Юрт келажаги бўлган ёшларни спортга кенг жалб этиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Мамлакатимизда бу йўналиш бўйича намуна қилиб кўрсатса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Футбол ва мини-футбол бўйича ўтказилган ДХХ кубоги мусобақаси бунинг ёрқин исботидир.
– Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун ўтказилаётган бу каби мусобақалар ,албатта, ўз натижасини беради,- дейди Бўстон маҳалласининг ёшлар етакчиси Бахтиёр Давронов. Сабаби, бу каби тадбирлар орқали чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ва ўз йўлини топа олмаётган истеъдод эгалари кашф этилади.
“Миллионлар ўйини” туманимиздаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёшларни бир майдонга бирлаштирди. Саралаш баҳсларидан финалгача етиб келган жамоалар Риштон шаҳрида жойлашган Марказий ўйингоҳда ғолиблик учун тўп сурдилар. Финал босқичида туман ҳокими Суфҳонжон Солиев иштирок этиб, жамоаларга омад тилади.
Футбол бўйича финал босқичида Бўстон ва Воҳим маҳаллалари жамоалари, мини-футбол бўйича эса Тошоғолиқ ва Тўраобод маҳаллаларининг жамоалари ўзаро беллашдилар. Муросасиз ўйин якунларига кўра, футболда Воҳим маҳалласи жамоаси, мини-футболда эса Тўраобод маҳалласи жамоаси тенгсиз деб топилди.
-Маҳалламизда тўй кетидан тўй, яқиндагина «Менинг йўлим» лойиҳасида ёшларимиз билан бир ёқадан бош чиқарганимиз туфайли ғолибликка эришган эдик, мана, бирикиб, футболда ҳам ғолиб бўлдик, – дейди Воҳим маҳалласи ёшлар етакчичи Орифжон Муқимов. Ёшлар етакчиси лавозимини жорий этишдан ҳам мақсад шу бўлса не ажаб? Маҳалламиз ёшлари номидан танлов ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман.
Ғолиб жамоа аъзоларининг ҳар бирига қимматбаҳо совғалар, медал ва диплом тақдим этилди.
Аҳлиддин Турсунов,
Козимжон Тўхтасинов