Бугун яна бир ўқув йили тугаб, умумтаълим мактабларида сўнгги қўнғироқ садолари жаранглади. Битирувчи ўғил-қизларга 11 йиллик қадрдон масканлари, ота-онасидек азиз ва қадрли бўлиб қолган устозлари, синфдошлари билан хайрлашиш осон эмас. Бугун ҳар бир битирувчининг кўзида ҳам севинч, ҳам айрилиқ ёшлари… Улар жонажон мактаби бағридан учирма бўлиб, катта ҳаёт остонасига қадам қўймоқда.
Риштон туманидаги барча таълим муассасаларида дилларга ўзгача шукуҳ, қалбларга олам-олам ҳаяжон соладиган, бир умр эсда қоладиган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Бу йилги тадбирлар ҳам Давлатимиз раҳбарининг мактаблар битирувчиларига табрик йўллагани билан унутилмас таассуротларга бой ва ёдда қоларли бўлди.
Тадбирлар давомида битирувчилар томонидан бахтиёр болалик, мактаб ва устозлар қадр-қимматини улуғловчи шеърлар ўқилиб, гўзал тилаклар изҳор қилинди.