Туманимизда элликдан ортиқ қишлоқлар бор. Бу қишлоқлар ва у ердаги маҳалла, мавзелар номи ҳам ўзига хос тарихий ёдгорликдир.
Қадимий ва навқирон Риштон тумани ҳуснига узукка кўз қўйгандек ярашиб турган Пандигон қишлоғи бор. Пандигон сўзи сув тўғонлари атрофидаги жой маъносини билдиради. Бу номда шу атрофдан оқиб ўтадиган учта ариқ ва улардаги сувни бўғиб чиқарадиган тўғонлар бўлганига ишора мавжуд.
Халқ орасида Етти Пандигон деган ибора ҳам юради. Одамлар Уймовут, Чубурғон, Уйрат, Қўрғонча, Дашт Пандигон, Тегирмонбоши, Пиркоп қишлоқларини умумлаштириб Етти Пандигон деганлар.
Қадимда Анду ва Панду қавмлари ҳақида ривоятлар бўлган. Андулар жойлашган ер Андугон (ҳозирги Андижон шаҳри) дир.
Пандигон номли қишлоқлар бошқа ерларда ҳам бор. Масалан, Қува туманидаги Пандигон қишлоғи.
Қаҳрамонлар қишлоғи
Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топиболдиев 1919 йили Пандигонда туғилган. У аввалига почтачи, тракторчи бўлиб ишлаган. 1939 йилда армияга чақирилиб, ҳарбий қисмда ҳайдовчи бўлиб хизмат қилган. 1941 йили уруш бошланганда Мамадали Белорусия ҳудудидаги 130-ўқчи полкда сержант эди. У Могилёв вилоятидаги 5-партизан бўлинмасига командирлик қилган. Казбек лақаби билан фашистлар юрагига қўрқув солган. Душманнинг жуда кўплаб аскар ва офицерларини асир олган, йўқ қилган баҳодир йигитга 1944 йил 5 сентябрда Иттифоқ Қаҳрамони унвони берилган.
Мамадали Топиболдиев урушдан қайтиб келгач Пандигон жамоа хҳжалигида раис бўлиб ишлаган. 1955-1969 йилларда Зоҳидон қишлоғида жамоа хўжалигини бошқарган. Унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор унвони берилган.
Мамадали Топиболдиев ҳақида бадиий филмлар ишланган, бадиий асарлар ёзилган.